Покистон Президенти ва Имрон Хон давлатга хиёнатда айбланяпти
Олам
−
29 Апрель 2022
10973Покистон ҳукумати мамлакатнинг амалдаги Президенти Ориф Алви, собиқ Бош вазир Имрон Хон ва Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси) собиқ спикери ўринбосари Қосим Сурини давлатга хиёнат ва мамлакат Конституциясини бузиш айбловлари билан суд қилиш ниятида. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларга таяниб, “Pakistan Today” хабар берган.
Таъкидланишича, апрель ойида ҳокимият тепасига келган Бош вазир Шаҳбоз Шариф ҳукумати Алви, Хон ва Сурининг хиёнатини фош этувчи далилларни тўплаб, бу шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида Покистон Олий судига тақдим этмоқда. Даъво ташаббускорларига кўра, Сури Президент Алвининг рухсати ва Имрон Хоннинг илтимосига биноан қонунчиларнинг Имрон Хонга ва унинг кабинетига ишончсизлик вотуми бўйича овоз беришини ноқонуний равишда блоклаган ва Миллий ассамблеяни тарқатиб юборган, бу эса давлатга хиёнатга тенглаштирилган Конституцияни бузиш ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, Олий суд парламентни тарқатиш ҳақидаги қарорни бекор қилди ва Имрон Хонга ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш 10 апрель куни ўтказилишини буюрди. Натижада у ўз лавозимидан четлатилди.
Покистон мусулмон лигаси партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф янги Бош вазир этиб сайланди, Миллий ассамблеянинг 342 депутатидан 174 нафари унинг номзоди учун овоз берди.
LiveБарчаси