Тошкентда “Қўриқлаш” бошқармаси ходимидан пул ундирмоқчи бўлган фирибгар ушланди
3-саҳифа
−
06 Апрель
5219Тошкентда “Қўриқлаш” бош бошқармасининг хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальони ходимига қўнғироқ қилиб, ундан пул ундирмоқчи бўлган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа жорий йилнинг 4 апрель куни соат 16:15 да содир бўлган. Номаълум шахс “Қўриқлаш” бош бошқармасининг хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналарини қўриқлаш бўйича алоҳида батальонининг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, навбатчи ходим билан боғланган. Нотаниш аёл ўзини шифокор деб таништирган.
“Қизингиз йўл-транспорт ҳодисасида жароҳат олди, уни даволаш учун жарроҳлик амалиётини ўтказиш лозим, сиз зудлик билан 20 минг АҚШ долларини топишингиз керак”, деган аёл.
Қўнғироққа жавоб берган “Қўриқлаш” хизмати ходими фирибгарлар қўнғироқ қилаётганини дарҳол англаб, фирибгарни қўлга олиш мақсадида "қизини қутқариш учун" учрашишга ва пул беришга тайёрлигини айтган. Аёл Покистон элчихонаси яқинида учрашув тайинлаган, лекин у пулни олиб кетиш учун ўзи бормаслигини, ўрнига “Руслан” исмли танишини юборишини билдирган.
20 дақиқадан сўнг, “Руслан” хавфсизлик постининг расмий телефон рақамига қўнғироқ қилиб, жароҳатланган қизнинг отасини кутаётганини айтган. Фирибгар учрашув белгиланган жойда ходимлар томонидан қўлга олинган ва Яккасарой тумани Ички ишлар бўлимига олиб борилган. Фуқаронинг шахси текширилганда, у аслида Чилонзор туманида яшовчи Самандар исмли 23 ёшли фуқаро экани аниқланган.
Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Билдирилишича, суриштирув давомида унинг шериги аниқланади, шунингдек, бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги текширилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исохонова Тошкент шаҳри аҳолиси орасида шу турдаги фирибгарликдан жабрланаётганлар кўпайгани аниқланганини билдирган ва фуқароларни бундан огоҳлантирганди.