Покистон Бош вазири ҳам Самарқандга келди
Олам
−
15 Сентябрь 2022
7374Бугун, 15 сентябрь куни Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити тадбирларида қатнашиш учун Ўзбекистонга келди.
Маълумотга кўра, Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Қайд этилишича, Покистон делегацияси ШҲТ саммити доирасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ учрашувларда қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси бўлиб ўтади.
ШҲТ саммитида Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Россия Президенти Владимир Путин аллақачон Самарқандга етиб келган.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса озар-арман чегарасидаги қуролли тўқнашув сабаб саммитда иштирок этмаслигини билдирди.