Покистон ҳам Эрондан ўз элчисини чақириб олди
Олам
−
17 Январь
6038Покистон ҳукумати Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Балужистон вилоятига берган ракета зарбалари ортидан ўз элчиси Муҳаммад Мудасир Типуни Теҳрондан чақириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мумтоз Заҳра Балоч маълум қилди.
"Кеча Эроннинг Покистон суверенитетини асоссиз ва қўпол равишда бузгани халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига зиддир", деган у.
Балочнинг айтишича, Эрон ҳукуматига тегишли норозилик нотаси юборилган.
"Ушбу ноқонуний ҳаракат мутлақо номақбул ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Покистон жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бунинг оқибатлари учун жавобгарлик фақат Эрон зиммасида", дея қўшимча қилган у.
Унга кўра, Покистон ўз элчисини Эрондан чақириб олишга қарор қилгани ва Эрон Ислом Республикасининг Покистондаги элчиси Ризо Амири Моғаддам ҳам ҳозирча Исломободга қайтмаслиги маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, кеча 16 январь куни Эрон Покистондаги “Жайш ал-Адл” жангари гуруҳининг икки қароргоҳига ракета ва учувчисиз самолётлари билан зарба бериши оқибатида икки нафар бола ҳалок бўлган эди. Айнан шу куни Эрон Ироқ Курдистони маркази Эрбил шаҳридан 40 км шимоли-шарққа ҳам ракета ҳужуми уюштирган. Ушбу воқеалар ортидан Ироқ ҳукумати Эрондаги элчисини чақириб олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь