Погба 4 йилга дисквалификация қилиниши мумкин
Спорт
−
12 Сентябрь 2023
2821“Ювентус” клубининг франциялик ярим ҳимоячиси Пол Погба Италия А Сериясининг 1-тур ўйинидан сўнг топширган допинг-тести ижобий натижа кўрсатди. Бу ҳақда “La Gazzetta dello Sport” хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023/2024 йилги Италия чемпионатининг 1-турида “Ювентус” “Удинезе”га қарши майдонга тушди. Учрашувда Турин клуби 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Погба бутун ўйинни захира ўриндиғида ўтказди.
Ўша куни 30 ёшли ярим ҳимоячи тестостерон учун топширган допинг-тести ижобий натижа берган. Бу эса терапевтик истисносиз қабул қилинмайдиган модда ҳисобланади. Шу боис, футболчи 4 йилга футболдан четлаштирилиши мумкин.
Маълумот учун, Пол Погба жорий мавсумда 2 та ўйинда майдонга тушди. Футболчи ўтган мавсумнинг катта қисмини жароҳати сабабли ўтказиб юборган эди.