Пиёдани уриб юборган Бош прокуратура ҳайдовчисига ҳукм ўқилди

Жамият

image

2019 йил 15 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Жамшид Абдураҳмонов (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, оилали, Бош прокуратура ҳайдовчиси бўлиб ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси Қаҳрамон Мирсафоев томонидан кўриб чиқилди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Жамшид Абдураҳмоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Жамшид Абдураҳмоновга 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жамшид Абдураҳмоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилиб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Судланувчи Жамшид Абдураҳмоновга жазо тури ва миқдорини тайинлашда, суд унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаган ҳисобланишини, моддий ва маънавий зарар тўлиқ қоплаганини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраганини жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлари деб топиб, жазони оғирлаштирувчи ҳолат йўқ деб ҳисоблаб, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахсини, жамоат ҳимоячиси томонидан унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тайинлашни сўраб, ўзи кафилликка олиши ҳақидаги фикрини ва “Янги замон” МФЙ номидан берилган кафолат хатини эътиборга олиб, унга ушбу модда санкцияси доирасида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижрога қаратмасдан, унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деб ҳисоблаб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 72-моддасини қўллаган ҳолда шартли ҳукм қилиб, синов муддати белгилашни лозим топди.

Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура Суд ҳукми Олий суд

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг