Пейжерлар ортидаги сирлар
Таҳлил
−
21 Сентябрь
26916Ортда қолаётган ҳафтада дастлаб 17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерларда оммавий портлашлар кузатилди. Ундан сўнг бошқа турдаги алоқа воситалари, техникалар, жумладан мотоцикллар билан ҳам шундай ҳалокатли ҳолатлар қайд этилди. Мазкур оммавий портлашлар туфайли икки кун давомида сўнгги маълумотларга кўра, 37 нафар шахс ҳалок бўлган бўлса, жароҳатланганлар сони 3 ярим мингдан зиёд. Жароҳатланганлар орасида Эроннинг Байрутдаги элчиси Можтабо Амани ҳам бор бўлиб, у пейжер портлашида бир кўзидан айрилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Элчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун Эронга олиб кетилди. Можтабо Аманидан ташқари Эрон дипломатик миссиясининг бошқа ходимлари ҳам яраланган.
Расмий Байрут ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати вакиллари воқеада Исроилни айблади. Исроил эса расмий даражада бўлмаса-да, баъзи манбалар орқали портлашларга алоқадорлигини яширинча тасдиқламоқда. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар берди.
Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайван брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. Бироқ Венгрия ҳукумати вакили бу пейжерлар мамлакатда “ҳеч қачон бўлмаган”ини, компания эса “Венгрияда ишлаб чиқариш ёки операцион майдончасига эга бўлмаган савдо воситачиси” эканини айтди. Шундай қилиб, Ливанга юборилган пейжерларнинг ҳар бири тахминан 30-50 грамм портловчи моддалар билан тўлдирилган ва масофадан бошқарилган. Террорчилик актига тенг бўлган бу ҳужумдан 3 кун ўтиб эса пейжерлар ва уларга “илдирилган” портловчи модда қандай, қайси йўллар орқали ва кимлар воситасида пайдо бўлгани ва шакллангани ҳақида баъзи маълумотлар мавҳумликдан ёруғликка чиқиб келмоқда. Қуйида ана шундай чекланган информацион деталлар орқали Тайвандан “йўлга чиққан” пейжерларнинг Венгрия, Болгария, Иордания ва “Моссад” қўлидан ўтиб, “Ҳизбуллоҳ”га етиб бориш йўлидаги “саргузашт”ларига тўхталамиз.
“Тош даври” технологияси
Ливандаги воқеалар кўпчилик учун номаълум бўлган пейжер номли эскирган алоқа қурилмасини машҳур қилиб юборди. Ортда қолган кунларда дунё аҳолисининг катта қисми айнан шу сўзни жуда кўп такрорлаётган бўлса ажаб эмас. Хўш, пейжер ўзи нима, у қандай қурилма? Пейжер бир сўз билан айтганда алоқа қурилмаларининг энг примитив вариантларидан биридир. У асосан икки томонлама алоқа зарур бўлмаган ҳолларда, фақатгина қўнғироқларни қабул қилувчи восита сифатида фойдаланиш учун жуда қулай. Пейжер фақат хабарларни қабул қилади, хабарлар эса унга пейжинг тармоғининг радио узаткичидан узатилади. Ўтказилган маълумотларнинг ҳажми бир неча юз белгиларга етиши мумкин, узатиш давомийлиги бир неча сония. Пейжерда қабул қилинган хабарларни ёзиб олиш ва кейин уларни фойдаланувчи учун қулай бўлган исталган вақтда кўриш имконини берувчи хотира мавжуд.
Хуллас, пейжер орқали чекланган миқёсда алоқа ўрнатиш мумкин, аммо у замондан анча ортда қолган. Бироқ унга хавфсизлик тизимлари ва Исроил разведкасининг кириш имкониятлари деярли имконсиз бўлгани боис, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ушбу қурилмадан кенг кўламда фойдаланишни афзал кўриб келган. Баъзи маълумотларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” пейжерлардан анча йиллар олдин фойдаланишни бошлаган, бошқа манбалар эса пейжерларни февраль ойида гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўз аъзоларига уяли телефонлардан фойдаланишни тўхтатишни буюрганида сотиб олганини иддао қилмоқда.
Тайваннинг “айби”
17 сентябрь кунги ҳужумдан кейинги тасвирлар портлаган пейжерлар тайванлик электроника ишлаб чиқарувчиси Gold Apollo‘га тегишли эканини очиқлади. Орадан 3 кун ўтиб Тайван прокурорлари Gold Apollo президенти ва асосчиси Хсу Чинг-Куангни ушбу иш юзасидан сўроқ қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хсу унинг компанияси ушбу пейжерларни ишлаб чиқармаганини ва улар Будапештда жойлашган BAC Consulting KFT компанияси томонидан тайёр ҳолга келтирилганини айтган. Унга кўра, Gold Apollo Венгриядаги BAC Consulting KFT’га фақат бренддан фойдаланиш учун лицензия беради, аммо пейжерларнинг ишлаб чиқарилишидаги ҳеч бир босқичда иштирок этмайди. Gold Apollo асосчиси Хсу Чинг-Куангнинг айтишича, Венгрияда жойлашган BAC компанияси Тайван фирмаси билан тахминан уч йил олдин алоқа ўрнатган. Дастлаб BAC фақат Gold Apollo‘нинг пейжер ва алоқа маҳсулотларини импорт қилган. Кейинчалик компания Gold Apollo‘га ўз пейжерини яратмоқчи эканлигини айтиб, Тайван фирмасининг брендидан фойдаланиш ҳуқуқини сўраган.
Тайваннинг юқори мартабали хавфсизлик ходими CNN телеканалига Gold Apollo Тайвандан 2022 йилнинг январидан 2024 йилнинг августигача 260 000 га яқин пейжерларни жўнатгани, аммо қурилмалар Ливан ёки Яқин Шарққа юборилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлиги ҳақида хабар берди. Мазкур жараёнлар Ливанда ўзига хос қирғин уюштиришда фойдаланилган пейжерлар Тайван ерларида ишлаб чиқилмаганини ва бунга бу ҳудуддаги компаниянинг алоқаси йўқлигини маълум даражада тасдиқлайди. Демак, пейжерлар ишидаги изларни ахтариш учун бошқа бир давлат – Венгрияга юзланиш лозим.
Ҳурлиқо қўл остидаги BAC
Юзлаб “Ҳизбуллоҳ” аъзоларини яралаган пейжерларни ишлаб чиқарган Венгриянинг BAC фирмаси бу ҳужумдаги ўз иштирокини рад этди. BAC Consulting бош ижрочи директори Криcтиана Барсони пейжерлар билан алоқаси борлигини рад этди.
40 ёшлар атрофидаги Криcтиана Барсони Лондон Иқтисодиёт мактабида ўқиган. Маълум бўлишича, у Буюк Британиядаги университетларда 13 йиллик ўқишни тугатгандан сўнг Шимолий Лондоннинг Госпел Оак ҳудудида яшаган. У BAC фирмаси бошқарувига келгунга қадар Парижда UNESCO учун гидрология дастурини назорат қилувчи лойиҳа менежери бўлган. Унинг резюмеларида етти тилни, жумладан рус ва итальян тилларини яхшигина билиши ҳам таъкидланган. Криcтиана 2015 йилдан 2017 йилгача Лондон Иқтисодиёт мактабида сиёсат бўйича дипломни қўлга киритган. Тўрт йил Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактабида таҳсил олган. Бундан ташқари, у 2002 йилдан 2006 йилгача Лондонда физика фанлари номзоди даражасида ишлаган. BAC Consulting веб-сайтидаги ўзининг резюмеларида у ўзини олим сифатида кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, жозибали “олима” ва бизнес-ледq портлаган пейжерларга ўзи ва компаниясининг мутлақо алоқадор эмаслигини айтди.
Компаниянинг бошқа аноним вакиллари ҳам шундай позицияда қатъий ўрнашган. Гўё улар пейжерлар ҳақида энди билиб қолди. Энг қизиғи шундаки, Венгрия ҳукумати вакили шу ҳафта бошида пейжерлар мамлакатда ишлаб чиқарилмаганлигини ва BAC бунда фақат воситачи сифатида ишлаганини расман эълон қилди. Айнан шу барчани ҳайратда қолдиряпти.
Ливандаги теракт билан боғлиқ бўлган BAC Consulting‘нинг исмини ошкор қилишни хоҳламаган вакили “РИА Новости” агентлигига “компания пейжерлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмаган, бироқ бизнес консалтинг хизматларини кўрсатган”, деб айтган. BAC’нинг Венгриядаги йиллик ҳисоботлари шуни кўрсатадики, компания 2022 йил май ойида биргина директори Кристиана Барсони-Аркидияконо билан рўйхатдан ўтган ва шу пайтдан бошлаб 320 доллардан сал кўпроқ ҳисоб балансига эга бўлган.
BAC ва Gold Apollo ўртасидаги алоқалар 2021 йилда старт олган. Gold Apollo эгаси Хсу Чанг-Кианга Тереза исмли тайванлик аёл мурожаат қилганида икки компания орасида мулоқот бошланган. Хсу Терезани BAC’нинг вакили дея даъво қилди. Унинг сўзларига кўра, у билан икки ойдан кўпроқ вақт давомида музокаралар олиб борган ва кейинчалик пейжерларини BAC’га сотишга ва унга Gold Apollo‘нинг савдо белгисидан фойдаланишга рухсат берган. Ливандаги воқеалар фонида BAC билан боғлиқ бир қатор фавқулодда ҳолатлар кузатила бошланди. Хусусан, хорижий ОАВлар ҳафта бошида бир маромда ишлаб турган компаниянинг веб-сайти чоршанба куни тушдан кейин ишламай қолганини маълум қилди. “Reuters” хабарига кўра эса, компания директори Криcтиана Барсони чоршанба куни Будапештдаги квартирасини тарк этган. Жума куни Барсонининг онаси қизи ҳозирда эҳтимолий таҳдидлар туфайли Венгрия махфий хизматларининг ҳимояси остидалигини маълум қилди.
“Моссад”нинг блокбастер сценарийси
Тайван, Венгрия ва бошқа каналларни ҳамда уларнинг аргументларини инобатга олмаган ҳолда воқелик ҳақидаги ҳақиқатга яқин версия шуки, BAC аслида Исроил томонидан яратилган қўғирчоқ компания. Манбаларда айтилишича, пейжер ишлаб чиқарувчиларининг ҳақиқий идентификаторларини яшириш учун яҳудий давлати томонидан камида иккита “компания” ўйлаб топилган. Айтилишича, BAC бошқа мижозлар учун оддий пейжерлар ишлаб чиқарган, аммо “Ҳизбуллоҳ”га етказиб бериш учун алоҳида пейжерлар ишлаб чиқилган ва уларга портловчи PETN унсурлари жойлаштирилган. Бошқа версияга кўра эса, агар Венгрия расмийларининг баёнотини ҳисобга олмасдан, пейжерларни шу давлат ҳудудида тайёрланган деб тасаввур қилинса, ушбу буюртма учун бадал бошқа бир Европадаги давлат – Болгарияда жойлашдан компания томонидан тўланган. Бу Norta Global Ltd компаниясидир. Софияда жойлашган Norta Global Ltd компанияси пейжерларни сотишда иштирок этгани ҳақида хабарлар тарқалгандан кейин Болгария Давлат хавфсизлик агентлиги мамлакатда рўйхатдан ўтган ушбу компаниянинг можарода даъво қилинган ролини текшириш учун Ички ишлар вазирлиги билан ишлашини айтди. Венгрия янгиликлар сайти “Telex” манбаларга асосланиб, пейжерларни сотишга Norta ёрдам берганини хабар қилди. Болгариянинг БТВ миллий телерадиокомпанияси хавфсизлик манбаларига таяниб хабар беришича, битим билан боғлиқ 1,6 миллион евро Болгария орқали ўтган ва Венгрияга юборилган. Norta асосчиси Ринсон Хосе бу ҳафта бошида “Reuters”нинг изоҳ бериш талабига жавоб беришдан бош тортди. Жума куни Болгария давлат хавфсизлик агентлиги ҳужумда ишлатилган ҳеч қандай пейжерлар Болгарияга олиб кирилмаган, экспорт қилинмаган ёки ишлаб чиқарилмаганлигини "шубҳасиз аниқлаганини" айтди. Шундай қилиб, Болгария ҳам гўёки эҳтимолий айбдорлар сафидан расман чиқди. Шу пайтгача “Ҳизбуллоҳ” қўлида портлаган ва минглаб инсонларнинг жабр чекишига сабаб бўлган пейжерлар қаерда ишлаб чиқарилгани ва қачон уларга портловчи модда ўрнатилгани ҳали-ҳануз аниқ эмаслигича қолмоқда. Аниқлик киритиш эса айбдорларнинг ўз айбини тан олиши лозимлигини талаб этади.