Ливанда ўт очишни тўхтатиш учун жиддий имконият бор – Байденнинг одами
Олам
−
19 Ноябрь
717Ливанда ўт очишни тўхтатиш учун жиддий имконият бор. Бу ҳақда Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар доирасида Ливанга борган АҚШ Президенти Жо Байденнинг катта маслаҳатчиси Амос Хохштейн Байрутда Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри билан учрашгандан кейин журналистларга маълум қилди.
“Бизда можарога барҳам бериш учун реал имконият бор. Яқин кунларда ечим топамиз деган умиддамиз”, дейди у.
Америка Президенти маъмурияти вакили Берри билан учрашувни конструктив деб атади. Хохштейннинг таъкидлашича, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги урушни тўхтатиш қарори можаро тарафларининг қўлида.
Журналистлар саволларига жавоб беришдан бош тортган Хохштейн Ливан парламенти спикери қароргоҳини тарк этиб, мамлакат Бош вазири Нажип Микати билан ҳам учрашди.
Қайд этиш жоиз, ҳозирда Ливанда ўт очишни тўхтатиш бўйича янги келишув лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Унда учинчи томон мамлакатларига Ливан жанубидаги тинчликни ва “Ҳизбуллоҳ” вакилларининг Литани шимолида қолишини таъминлаш учун Ливан Қуролли кучларига қурол етказиб беришга рухсат берилган. АҚШ ва Исроил келишувга қўшимча лойиҳа киритиши кутилмоқда, бу эса “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни бузса, Исроилга ҳарбий ҳаракат қилиш имконини беради.
Дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этар экан, Исроил армияси Ливан жанубидаги чегарадан 5-6 км узоқликда жойлашган қишлоқларга ҳужумни кучайтирган. Шунингдек, Байрут ва Ливаннинг бошқа ҳудудларидаги “Ҳизбуллоҳ” таянч нуқталарига зарба бериши давом этмоқда.
Қайд этилишича, Исроил ҳарбий ҳаракатларни сезиларли даражада пасайтирган бўлса-да, “Ҳизбуллоҳ” Шимолий Исроилнинг катта қисмида ҳужумларни давом эттириб, бир неча кун ичида 100 дан ортиқ снарядлар отган.
Билдирилишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилнинг янги Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан суҳбатлашиб Ливандаги вазиятни ҳал қилиш учун “исроиллик ва ливанлик фуқароларга ўз уйларига қайтиш имконини берадиган” дипломатик ечим зарурлигини муҳокама қилган.
LiveБарчаси