Песков Ўзбекистоннинг Россияга қарши резолюцияда бетараф қолганига муносабат билдирди

Олам 52132
image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Украинага Россиядан товон тўлаш тўғрисидаги резолюцияси Россия давлатининг талон-торож қилинишини расмийлаштиришдир, Москва бунга мутлақо қарши. Бу ҳақда бугун, 15 ноябрь куни журналистларга Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди. 

"Табиийки, бу жараён ташкилотчилари бутунлай ноқонуний равишда блокировка қилинган олтин-валюта захираларимизни талон-торож қилишни якунлашга ҳаракат қилмоқда. Бу БМТ платформасидан фойдаланган ҳолда ушбу талончиликни расмийлаштиришдир”, дейди Песков.  

Унинг қўшимча қилишича, Россия бунга мутлақо қарши. 

Россия раҳбарининг матбуот котиби бу қарор қонуний кучга эга эмаслигини таъкидлади.  

“Шубҳасиз, Россия қўлидан келган ҳамма нарсани қилади”, дейди Кремль вакили Ғарб музлатиб қўйган Россия захираларини тортиб олишнинг олдини олиш имкониятлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан. 

Песковнинг таъкидлашича, сўнгги олти ой ичида хусусий мулкнинг барча асослари ва қоидалари, халқаро ҳуқуқ ва бошқаларнинг мутлақ бузилиши фонида, албатта, [Россия олтин-валюта заҳираларини] эгаллашнинг бундай босқинчилик усуллари устунлик қилмоқда.

"Биз бундан кейинги ҳаракатларимизни белгилашда буларнинг барчасини ҳисобга оламиз", дейди у. 

Товон тўлаш бўйича резолюцияга овоз беришга келсак, Песковнинг сўзларига кўра, Россия БМТда Россияга қарши айрим масалалар бўйича овоз беришда дўст давлатлар қандай позицияни эгаллашига эътибор қаратмоқда.  

“Булар суверен давлатлардир”, дейди Песков Арманистон, Сербия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар БМТ Бош ассамблеясида Россиянинг Украинага товон тўлаши бўйича резолюцияга овоз беришда бетараф қолганини изоҳлаш сўровига жавобан. 

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг кеча, 14 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияси иштирокчилари Россия томонидан Украинага етказилгани тахмин қилинган зарарнинг халқаро реестрини тузиш, шунингдек, йўқотишларни қоплаш механизмини яратиш зарурлигини тан олиш тўғрисида резолюция қабул қилди. Ҳужжатга 94 давлат овоз берди, 14 давлат қарши чиқди, 73 давлат бетараф қолди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2427
Рейтинг: 3
t
×