Перуда ҳам зумерлар ҳукуматга қарши бош кўтарди (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Перу пойтахти Лима шаҳрида пенсия ислоҳотидан норози бўлган зумерлар оммавий намойишлар ўтказди. Бу ҳақда AFP хабар берди.

“Z-авлод Президент Дина Болуартега қарши” шиори остида бошланган акциялар давомида намойишчилар Президент истеъфоси, парламент тарқатиб юборилиши ва муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини талаб қилган. Улар Конгресс биносига бостириб киришга уринган, полицияга тош ва бутилкалар улоқтирган. Ҳуқуқ-тартибот органлари эса бунга жавобан кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллаган. Тўқнашувларда бир неча киши жароҳат олган, 50 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Мутахассисларнинг фикрича, пенсия ислоҳоти норозилик учун фақат ташқи сабаб бўлиб хизмат қилган. Аслида эса бу ҳолат ҳукуматнинг фаолиятидан чуқур норозиликнинг ифодаси ҳисобланади. Лотин Амрикаси бўйича эксперт Темур Алмуқовнинг таъкидлашича, Президент Дина Болуартенинг рейтинги атиги 3-4 фоиз даражасида. Бунинг сабаби эса – Президентнинг мамлакатни сиёсий инқироздан олиб чиқишга қодир эмаслиги, мунтазам коррупция можаролари ва ҳукуматга нисбатан ишончсизлик. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, кейинги воқеалар кўп жиҳатдан ҳукуматнинг реакциясига боғлиқ. Сўнгги йилларда Перуда намойишчиларга қарши шафқатсиз чоралар қўлланган. Болуартенинг 2022 йилда ҳокимият тепасига келиши ҳам муддатидан олдин сайловларни талаб қилган халқ норозиликлари билан кечган ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

Айни дамдаги акцияларда эса асосан ёшлар етакчи роль ўйнаяпти, бироқ уларга турли жамоат ташкилотлари ва сиёсий кучлар ҳам қўшилмоқда.

Қизиқарли томони шундаки, Лима кўчаларида одатий сиёсий шиорлар ва миллий байроқлар қаторида ноодатий рамз ҳам пайдо бўлган: сомондан ясалган шляпа кийдирилган, кулаётган бош суяги туширилган қора байроқ – япон анимеси One Piece’даги “Сомон шляпали қароқчилар”нинг тимсоли. Бу белги халқаро миқёсда ҳукуматларга қарши курашнинг рамзига айланган. Аниме сюжетида орзулари ва эркинлик учун курашаётган қаҳрамонлар коррупсиялашган Жаҳон ҳукуматига қарши чиқади. Асарнинг асосий ғояси – зулмга қарши кураш, эркинликка интилиш ва мустаҳкам бирдамлик. Бу эса Перудаги норозилик руҳияти билан мос тушмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Непалда ҳам “Z-авлод инқилоби” юз берганди. Бунга мамлакатдаги йирик ижтимоий тармоқлар ва ОАВ фаолияти чеклангани сабаб бўлди. Намойишлар чоғида бош прокурор идораси ва пойтахт туман суди биносига ҳужум қилинди. Улар Молия вазири Прасад Паудални дўппослаб, кейин собиқ бош вазир Шер Баҳодир Деубанинг уйига бостириб кирди. Уни ҳам, Ташқи ишлар вазири бўлган рафиқаси Арзу Рану Деубани ҳам калтаклади. Ушбу намойишлар ортидан мамлакат парламенти тарқатиб юборилди ва Президент ва ҳарбийлар билан келишган зумерлар Олий суднинг собиқ раиси Сушила Каркини муваққат ҳукумат раҳбари этиб сайлади.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Перу зумерлар Лима

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг