Пентагон Украина ва Грузияга “НАТО эшиклари очиқлигини” эълон қилди
Олам
−
18 Октябрь 2021
5107Пентагон раҳбари Ллойд Остин келаси ҳафта Украина ва Грузияга ташриф буюради. Ташрифи чоғида у ушбу икки давлатнинг НАТОга аъзо бўлиш истиқболларини муҳокама қилади.
“Остин Грузияда ҳам, Украинада ҳам НАТОга эшик очиқлигини таъкидлайди ва бу мамлакатларни мудофаа альянсига аъзо бўлиш талабларига жавоб берадиган ўзгартиришлар киритишга ундайди”, дейилган АҚШ Мудофаа вазирлиги хабарида.
Пентагон вакилининг айтишича, бу давлатлар “Россия тажовузининг бошида турибди”. Қайд этилишича, Остин Руминияга ҳам ташриф буюради. У уч давлат раҳбарлари билан
Қора денгиздаги вазиятни муҳокама қилади.
“Учала давлат ҳам Қора денгиз билан чегарадош, шунинг учун Остин уларнинг раҳбарлари билан хавфсизлик ҳақида гаплашади, бу давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади”, дейилган хабарда.
Шунингдек, Пентагон раҳбари бу мамлакатларда жойлашган америкалик аскарлар билан учрашиши айтилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил ёзда Брюсселда бўлиб ўтган альянс саммитида НАТО раҳбарлари Украина ва Грузиянинг альянсга қўшилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлади, ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини эълон қилди, аммо бу давлатларнинг ташкилотга аъзо бўлиши мумкин бўлган вақтни маълум қилмади.
LiveБарчаси