Пентагон раҳбари махфий ҳужжатлар тарқалишига қарши чораларни кучайтиришни буюрди

Олам

doc_2023-04-14_18-58-20

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ўз бўлимига янги ҳужжатлар сизиб чиқишининг олдини олиш учун мамлакат разведка маълумотларига кириш дастурини текширишни буюрди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги расмий саҳифасида эълон қилинган баёнотда келтирилган.

“Вазир сифатида мен мамлакатимиз сирларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қўшимча чораларни кўришдан тортинмайман. Мен Мудофаа вазирининг разведка ва хавфсизлик бўйича ўринбосарига бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун вазирликдаги разведка маълумотларига кириш, жавобгарлик ва назорат тартиб-қоидаларини текширишни топшираман”, дейилади Остиннинг баёнотида. 

Пентагон ҳужжатларининг интернетга сиздирилишида гумондор сифатида 21 ёшли АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари миллий гвардиячиси Жек Тейшейра қўлга олинган. Ушбу масала юзасидан тергов давом этмоқда. 

АҚШ Мудофаа вазири, шунингдек, Адлия вазирлиги ва АҚШ федерал тергов бюросига Пентагон ҳужжатларининг ошкор қилинишига алоқадорликда гумон қилинган шахсни тезда ҳибсга олгани учун миннатдорчилик билдирган. 

Ллойд Остин ўз баёнотида АҚШнинг ҳар бир ҳарбий хизматчиси, Мудофаа вазирлиги ходими ва махфий маълумотларга эга бўлган ҳар бир киши унинг хавфсизлигини кафолатлаши ва унга нисбатан ҳар қандай шубҳали қадам ҳақида хабар бериши кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Пентагоннинг 50 дан ортиқ “махфий” ва “ўта махфий” грифи остидаги ҳужжатлари интернет тармоғига сиздирилди. Ушбу ҳужжатлардан Украинада давом этаётган уруш тафсилотларидан иборат тақдимотлар ҳам ўрин олган. Унда жумладан, Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими май ойига бориб С-300 ва Бук тизимларининг снарядлари тугаши ортидан инқирозга учраши ва оқибатда Украина Россиянинг ҳаво ҳужумлари олдида ожиз қолиши мумкинлиги башорат қилинган.

Шунингдек, унда АҚШнинг Жанубий Кореядан Украина учун артиллерия снарядларини юбориши ҳақидаги талаби ҳам ёзилган

Бундан ташқари, ҳужжатларда “Вагнер” гуруҳининг фаолияти, Яқин Шарқ, Африка, Жанубий Америка каби ҳудудларга алоқадор разведка маълумотлари ҳам мавжуд. 

Маълумот учун, бу АҚШ Мудофаа вазирлигининг махфий ҳужжатлари биринчи марта ошкор бўлиб қолиши эмас. 2020 йилнинг ёзида ҳам Пентагоннинг махфий ҳужжатлари сиздирилган. Уларда Ўзбекистоннинг Қарши-Хонобод авиабазасида 2001-2005 йиллар давомида хизмат қилган америкалик ҳарбийларнинг заҳарли моддалар ва радиация таъсирига тушган бўлиши эҳтимоли очиқланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Пентагон махфий ҳужжатлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг