Пенсия жамғармаси: қарийб 9 млн киши норасмий ишлаяпти
Жамият
−
11 Июнь 2020
6861Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли сони 34 млн нафардан ортиқни ташкил этиб, шундан 15 млн нафари иқтисодий фаол ҳисобланади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунда иқтисодий фаол аҳолининг қарийб 5,8 млн нафари меҳнат шартномалари асосида, 400 мингдан зиёд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритиб, Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаб келмоқда.
Юқоридаги таҳлиллардан кўриш мумкин-ки, аҳолининг деярли 9 млн нафари расмийлаштирмаган ҳолда ўз меҳнат фаолиятларини юритмоқда.
Бу тоифага 2,5 млн атрофида хорижий давлатларда иш фаолиятини амалга ошираётган (мингрант)лар, 1,5 млндан зиёд деҳқон хўжаликларида ва томорқа ерида банд бўлганлар ҳамда 4 млнга яқини қурилиш соҳасида, бозорлар, маиший хизмат кўрсатиш ва мавсумий ишларда банд бўлган фуқароларни киритиш мумкин.
Ушбу фуқаролар ўз фаолиятларини расмийлаштирмаганликлари ҳамда Пенсия жамғармасига тўловларни амалга оширмаганлари учун келгусида ижтимоий ҳимоядан, жумладан пенсия таъминотидан маҳрум бўлишлари эҳтимоли мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ўзини ўзи банд қилган фуқароларга жорий йилнинг июль ойидан бошлаб кўплаб имкониятлар яратилди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилиб, 67 тага етказилди (аввалги тартиб бўйича ўзини ўзи банд қилган фуқароларга рухсат этилган фаолият турлари сони 24 тани ташкил этган).