Пекин кечаги воқеалар фонида Путинни қўллашини билдирди
Олам
−
25 Июнь 2023
14159Пекин кеча, 24 июнь куни содир бўлган воқеалар муносабати билан Россия раҳбарияти томонидан ички вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда бугун, 25 июнь куни Россия ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Цинь Ганг ва унинг ўринбосари Ма Чжаоху билан Пекинда учрашув ўтказган. Россия томони учрашув юзасидан баёнот эълон қилган.
“Хитой томони Россия Федерацияси раҳбариятининг 24 июнь воқеалари муносабати билан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда Россиянинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш ва янада гуллаб-яшнашидан манфаатдор эканлигини тасдиқлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.
Хабарда айтилишича, вазир ўринбосарлари даражасидаги маслаҳатлашувлар кун тартибида Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан музокаралар чоғида қўйилган икки томонлама ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўлган.
Шунингдек, вазир ўринбосарлари Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустиннинг 23-24 май кунлари Хитойга расмий ташрифи чоғида ҳукумат раҳбарларининг келишувларини амалга оширишнинг бориши муҳокама қилган.
Томонлар Россия-Хитой муносабатларининг ҳозирги ҳолатига юқори баҳо бериб, уларни изчил мустаҳкамлаш учун биргаликда ишлашга тайёр эканликларини тасдиқлади. Икки томонлама муносабатларнинг ишончли эканлиги таъкидланиб, ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг кўламли салоҳият мавжудлиги қайд этилган.
2023 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган сиёсий алоқалар жадвали атрофлича кўриб чиқилиб, Москва ва Пекин ўртасида ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш ва кўп томонлама платформаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Хитой пойтахтида бўлиши доирасида A.Ю.Руденко, шунингдек, ХХР ҳукуматининг Корея ярим ороли бўйича махсус вакили Лю Сяомин билан алоҳида музокаралар ўтказиши ҳамда Россия халқаро ишлар кенгаши ва Хитой ижтимоий фанлар академияси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган "Россия ва Хитой: янги даврда ҳамкорлик" 8-халқаро конференцияда иштирок этиши режалаштирилган.
LiveБарчаси