Педофилларнинг жиноятини яширганлар ким? Ташанов билан очиқ интервью
Интервью
−
03 Апрель 2023
18747Бугун Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари давлат амалдорлари қўлида ўйинчоқ бўлиб, 10 ой давомида жинсий зўрланганини эшитмаган одам қолмади. Энг ачинарлиси қизларни эркакларнинг чангалига ташлаган бегона эмас, меҳрибонлик уйининг “катта ойиси”. “Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деб шунга айтишса керак. QALAMPIR.UZ “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан айнан шу мавзуда суҳбатлашди.
Меҳрибонлик уйи, аёллар қамоқхонаси, умуман инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирган Ташанов бу каби жирканч ҳолатлар амалдорлар томонидан содир этилаётгани ва яширилганига тўхталиб ўтди.
“Бу ҳолатни таҳлил қилдик. Мансабдорлар меҳрибонлик уйига “меҳрибонлик” қилишган, совға-саломлар улашишган, гўёки уларни қўллаб-қувватлаб келишган. Бирорта муассаса муаммодан ҳоли эмас. Шу жумладан, меҳрибонлик уйида ҳам муаммолар талайгина. Буларни ҳал қилиш учун ИИВ, прокуратура ёки ҳокимлик каби ташкилотлар ёрдам бериши мумкин. Бунинг ортида, албатта, яширин эҳтиёж ёки иштиёқлар бўлиши мумкин. Бунинг биттаси эса жамоатчиликка ошкор бўлиб қолди.
Меҳрибонлик уйи билан боғлиқ бу каби муаммо янгилик эмас. 2018 йилда Марғилондаги меҳрибонлик уйида ҳам бунданда даҳшатли фожиа содир бўлгани аниқланди. Ҳатто ҳомиладорлик ҳолати ҳам фош бўлганди ўшанда. Бундан ташқари, Қўқон, Чиноздаги меҳрибонлик уйларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлганди. Ачинарлиси, эса буларнинг кўплари яширилади”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Унинг қўшимча қилишича, аёлларга нисбатан зўрлик ишлатиш ҳолатлари меҳрибонлик уйларидан ташқари аёллар қамоқхонаси ва тергов изоляторларида ҳам содир бўлган. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаолининг ўзи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакилларига ҳам хабар берган ва мансабдорларни ишдан бўшатишга муваффақ бўлинган. Ташановнинг айтишича, тергов изоляторида аёлга нисбатан зўрлик ишлатганлар орасида ҳозирги кунда ҳоким бўлиб фаолият олиб бораётганлар ҳам бор.
“Ҳозиргача эсимда 2011-2012 йилларда тергов изоляторлари, аёллар қамоқхоналарида зўрлаш билан боғлиқ бир неча жиноятлар содир бўлган. Бу каби муаммолар халқаро ташкилотлар даражасига ҳам кўтарилган. Бу масалалар ҳозирга келиб меҳрибонлик уйларига уланди. Бунинг илдизи эса қонунсизлик, қонунга итоат этмаслик ва назоратнинг сусайганида. Бир неча йиллар аввал тергов изоляторидаги аёлга зўрлик ишлатишда асосий фигурант бўлганлар ҳозирги кунда ҳоким бўлиб юрибди. Бу жуда ачинарли”, дейди “Эзгулик” жамияти раиси.
Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Хоразмда содир бўлган ҳолат бир неча ой аввал Олий Мажлис Сенатида муҳокама қилинган. Муҳокама жараёнида сенаторлар, Адлия вазирлиги ва Омбудсман вакили ҳам иштирок этган. Ўша вақтда жим ўтирган “катталар” мавзу жамоатчилик томонидан муҳокама қилинганидан сўнг ҳеч нарса билмагандек муносабат билдиришяпти.
“Давлат бошқаруви шаффоф бўлиши керак. Конституцион реформаларнинг ўтказилиши ҳам жамиятни ўрганиш йўлидаги тадқиқот деб айтиш мумкин. Бу ўзгаришлар ўхшайдиган бўлса, шаффоф давлат бошқарувига эришиш мумкин. Аммо эришиш ҳам жуда қийин, чунки жамиятнинг ўзига яраша муаммолари бор. Бу муаммолар бир йиллик эмас. Аввалги бошқарувдан кейингисига жуда оғир мерос қолди. Биздан кейин ҳам қийинроқ мерослар қолиши мумкин”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.
Педофилларнинг очиқ рўйхати юритилишига тўхталган Ташанов рўйхат ва кимёвий бичиш масаласи жуда баҳсли эканини қўшимча қилди.
“Педофилларнинг рўйхатини юритиш баҳсли масала. Қолаверса, Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ҳам бу кабиларни кимёвий бичиш вақти келганини айтиб чиқди. Қонунчиликка кастрацияни киритиш жуда катта жараён ҳисобланади. Суд ҳуқуқ тизими “нормально” бўлмаган, тергов органи коррупцияга ўтириб олган бир вақтда бу жазони киритиш жуда қийин. Чунки бундан фуқаролар катта жабр кўриб қолиши мумкин. Қолаверса, ўлим жазосини жорий этиш ҳам юқори даражадаги масала ҳисобланади. Қонунчиликка педофилия жиноятини аллақачон мажмуа сифатида киритиш вақти келган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон қонунчилигида педофилия жиноятини қамраб оладиган моддалар йўқ”, дейди “Эзгулик” жамияти раиси.
“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.