Пашинян Блинкенга қўнғироқ қилиб, Қорабоғ бўйича дардини тўкди
Олам
−
26 Июль 2022
6487Арманистон Бош вазири Никол Пашинян АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилиб, минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Арманистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
“Суҳбатдошлар Арманистон-АҚШ икки томонлама кун тартибига, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка оид масалаларни муҳокама қилдилар. Хусусан, Арманистон-Озарбайжон тинчлик музокаралари, Тоғли Қорабоғ муаммосини ҳал этиш, минтақавий алоқаларни очиш, маҳбусларни қайтариш, бедарак йўқолганлар тақдирини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Нашрда таъкидланишича, Давлат котиби Қўшма Штатлар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳи ҳамраиси сифатида юқоридаги барча масалалар ечимини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган. Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари тинчлик кун тартибига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва арман жамоатчилиги бу йўналишни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Суҳбатдошлар Арманистон-Туркия муносабатларида кечаётган жараёнларни ҳам муҳокама қилдилар. Давлат котиби 11 июль куни Арманистон Бош вазири ва Туркия Президенти ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотини олқишлади ва АҚШ икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди”, дейилади баёнотда.
Арманистон Бош вазири ва АҚШ Давлат котиби олий даражадаги икки томонлама алоқалардан мамнун эканликларини билдириб, мулоқотни давом эттиришга келишиб олганлар.
Эслатиб ўтамиз, Пашинян жорий йилнинг 6 июль куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга ҳам қўнғироқ қилиб, Тоғли Қорабоғдаги вазиятни тартибга солиш ва Арманистон-Озарбайжон чегарасида хавфсизликни таъминлаш бўйича келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилганди
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 июль куни Венада Арманистон ва Туркиянинг махсус вакиллари Рубен Рубинян ва Сердар Қиличнинг мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди, унда Арманистон ва Туркия ўртасидаги чегараларни учинчи давлат фуқаролари учун очиш, шунингдек тўғридан-тўғри ҳаво юкларини ташишни бошлаш бўйича келишувга эришилди. Махсус вакилларнинг биринчи йиғилиши жорий йилнинг 14 январида Москвада бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси