Пашинян Арманистон халқидан хатолари учун кечирим сўради

Олам

image

Арманистон пойтахти Еревандаги Республика майдонида Бош вазир Никол Пашинян тарафдорларининг митинги бошланди, деб хабар бермоқда РБК мухбири. Ҳукумат раҳбари одамларга шахсан мурожаат қилиб, улардан кечирим сўраган.

Маълум қилинишича, оломон деярли бутун Республика майдонини тўлдирган. Пашинян Ҳукумат биносидан ўз тарафдорлари олдига рафиқаси билан, қўриқчилар қуршовида, оломоннинг “Никол, Никол!” дея қичқириқлари фонида чиқиб келган.

“30 йиллик мустақиллик давомида барча эҳтимолий хатоларга йўл қўйилди. Инқилобдан кейинги икки йил ва ўн ой ичида жиддий хатоларга ҳам йўл қўйилди. Гап Ҳукуматимиз ҳақида, шахсан мен ҳақимда. Ва мен барчангиздан, Арманистоннинг барча фуқароларидан, барча диаспора арманиларидан, Арцахнинг барча фуқароларидан мени кечиришларини сўрамоқчиман”, дейди у одамларга мурожаат қилиб.

Шу билан бирга, Пашинян Бош штаб раҳбари Оник Гаспаряннинг истеъфосини излашда давом этиш ниятида эканлигини тасдиқлади ва буни муқаррар деб атади.

“Қуролли Кучлар Бош штабининг баёноти (унда Пашиняннинг истеъфосини талаб қилди – таҳр.) мутлақо ноқонуний, чунки Конституция қуролли кучларнинг сиёсий масалаларда бетарафлигини аниқ белгилаб қўйган. Бош штаб бошлиғи аниқ ифода этилган сиёсий йўналишга риоя қилади, бу эса Арманистоннинг барча қоидалари ҳамда Конституциясини бузади”, дейди Бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, 25 февраль, Арманистон армияси мамлакат Бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилганди.

Кейинчалик, Ереванда кескинликнинг кучайиши ортидан Пашинян ўз тарафдорлари билан пойтахт кўчалари бўйлаб юриш ўтказди ва Республика майдонида бир неча баёнотлар берди.

Шундан сўнг, Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Республикадаги вазиятни муҳокама қилди.

Бугун, 1 март куни Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг мухолифлари Ереван марказидаги Ҳукумат биносига бостириб кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг