Парламентлар пандемия пайтида қандай ишлаяпти?

Бу қизиқ

image

Бугунги кунда COVID-19 инфекцияси муаммоси умумийлик касб этиб, тобора кучайиб бормоқда. Кўпгина давлатлар вирус тарқалишининг олдини олиш учун қатъий карантин чораларини жорий этди. Ҳукумат ва давлат раҳбарлари коронавирус панемиясига қарши курашда қатъий чораларни кўрмоқда. Парламентлар ҳам ўз ваколатларини амалга ошириб, коронавирус келтириб чиқарган инқирознинг салбий оқибатларини олдини олишга қаратилган қонунларни қабул қилиш керак. 

Парламентлараро Иттифоқнинг парламентда инновациялар маркази коронавирус инқирози даврида дунё парламентларининг ишлаш усуллари тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси шу ҳақда маълумот берди.

Ушбу маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб парламент йиғилишларини ташкил этишнинг уч хил амалиёти кузатиляпти.

Биринчи амалиётда парламент айрим чекловлар билан халқ вакилларининг шахсан иштирокида мажлислар ўтказишни давом эттиряпти. Яъни, ялпи мажлис ва қўмита йиғилишларининг сони камайтирилди. Бинода парламент аъзолари ва ходимларининг сони қисқартирилди. Айримлари масофавий иш тартибига ўтказилди. Парламент мажлислари ўтказиладиган жойлар ўзгартирилди. Масалан, янада самарали ижтимоий масофаланиш имконини берадиган катта заллардан фойдаланиляпти.

Иккинчи амалиётга кўра, парламентлар масофавий иш усулларидан фойдаланган ҳолда виртуал тарзда мажлислар ўтказишни давом эттирмоқда. Масофадан туриб ўтказиладиган йиғилишлар учун техник инфратузилма мавжуд. Кўпгина парламентлар масофадан ишлаш воситаларининг имкониятларини ўрганмоқда. Бироқ, бу бир қатор муаммоларни, шу жумладан, масофадан ишлаш, хавфсизлик ва аутентификация учун ҳуқуқий асосларни белгилаш каби масалаларини келтириб чиқармоқда.

Учинчи амалиётда, парламентлар мажлислар ўтказмаяпти. Бунга парламентларнинг парламент таътилини эълон қилгани сабаб бўлди. Айрим мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия парламенти бир қатор фавқулодда чоралар бўйича овоз беришдан сўнг барвақт таътил (парламент ишида танаффус) эълон қилди. Шунингдек, Янги Зеландия парламенти ўз регламентини ўзгартириб, махсус қўмитага палатанинг барча аъзолари ўрнига ўз йиғилишларини ўтказишга рухсат берди. Лекин Парламентлараро Иттифоқнинг қайд этишича, сиёсий ирода ёки техник имкониятларнинг етишмаслиги парламент йиғилишларини ўтказишга халақит бериши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, айрим парламентлар масофадан ишлашни таъминлаш учун қонунлар ва процедуралар (регламентлар, қоидалар)га ўзгартириш киритмоқда. Хусусан, Испания ва Бразилияда парламент палаталари мажлисларни виртуал тарзда ўтказиш имконига эга бўлиш учун ўз регламентларига ўзгартишлар киритди. Бошқа парламентлар, жумладан, Эстония, Исроил ва Буюк Британия қўмиталарининг мажлисларини виртуал тарзда ўтказишига рухсат бериш учун ўзларининг қатъий қоидаларини юмшатишмоқда.

Парламентларда масофадан туриб ишлаш нафақат операцион тизимларни қўллаб-қувватлаш, балки янги шароитларда ишлаш учун қўшимча технологияларни жорий қилишга жавобгар бўлган парламентнинг Ахборот коммуникация бўлимлари учун муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Кўплаб парламентларнинг ахборот коммуникация тизимларида масофадан туриб бошқарилиш имконияти мавжуд бўлсада, булардан одатда етарли даражада фойдаланилмайди. Ҳужжатларни юритиш ва бошқариш учун аллақачон мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб келади.

Парламентлараро Иттифоқнинг ахборотида хорижий давлатлар парламентларида масофадан туриб мажлислар ўтказишда фойдаланилаётган техник воситалар ва дастурлар тўғрисида маълумотлар келтирилган. Виртуал мажлисларни ташкил этишда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, хавфсизлик — парламент ишини қўллаб-қувватлаш учун танланган ҳар қандай дастурий таъминот учун ўта муҳим омилдир. Маҳаллий ички дастурлар ва воситаларни ишлаб чиқиш хавф-хатарларни камайтиришнинг усулларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, парламентлар масофавий қарорларни жорий этишда халқ вакилларининг ишончли алоқа манбаларига эга эканликларини инобатга олиши керак. Бунга кафолат берилмаса, ҳужжатларни алмашиш ва овоз бериш учун синхрон бўлмаган усуллардан фойдаланиш тавсия этилади.

Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлис қандай ишлаяпти? Кўплаб хорижий парламентлар сингари пандемия вақтида тўлиқ фаолият кўрсатиши учун барча зарур чораларни кўрди. Олий Мажлис палаталари йиғилишларни айрим чекловлар билан парламент аъзоларининг иштирокида ўтказишни давом эттирмоқда.

Ушбу жараёнда депутатлар парламент ишини ташкил қилишда ахборот коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишмоқда. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг короновирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича берган тавсиялари асосида ишлаб чиқилган тиббий-санитария чораларига қўшимча равишда Олий Мажлис палаталари томонидан бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилди.

Унга мувофиқ, ялпи мажлис, қўмита ва фракцияларнинг йиғилишларининг сони қисқартирилди. Мазкур тадбирлар видеоконференцалоқа тарзида ўтказилмоқда. Шунингдек, парламент аъзолари ва Девон ходимларининг сони қисқартирилди. Баъзилари масофадан ишлаш усулига ўтди. Мажлислар ва бошқа парламент тадбирлари ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича ялпи мажлиси ва қонун лойиҳалари бўйича овоз бериш депутатларнинг шахсий иштирокида ўтказилиб, уларда кворумни таъминлайдиган миқдордаги депутатлар иштирок этмоқда. Ялпи мажлисларда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари видеоконференция орқали иштирок этяпти.

Парламент мажлислари, шу жумладан, фракциялар ва қўмиталарнинг йиғилишларини видеоконференция орқали ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Таъкидлаш жоиз, айни пайтда, Олий Мажлис палаталари фаолиятида “Электрон парламент” тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилмоқда. Мазкур тизим парламент ва депутат сўровларини Интернет тармоғи, хусусан, парламент веб-сайти, махсус портал ва мобиль илова орқали шакллантириш ва сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Парламентлараро Иттифоқнинг таҳлиллари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда “Электрон парламент” тизимини жорий этиш доирасида масофадан туриб мажлис ўтказиш, масофадан туриб овоз бериш ва бошқа парламент тадбирларини ўтказишни ҳуқуқий тартибга солиш маслаларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.


Мақола муаллифи

Теглар

парламент коронавирус

Баҳолаганлар

3

Рейтинг

3.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг