Парижга тайёргарлик бугундан бошланади – Президент паралимпиячилар билан учрашди 

Спорт 2785
image

Ўзбекистон спортчилари Парижда ўтказиладиган Олимпиадага ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаши керак. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида ўтказилган Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар билан учрашувда айтиб ўтди.

Президент ўз нутқида дастлаб, Токиода бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйини иштирокчиларини ютуқ ва ғалабалар билан қутлади ҳамда қўлга киритилган натижаларни эътироф этди. 

“Мен ушбу тақдирлаш маросимига устозларингиз билан бирга ота-онангизни ҳам чақирдим. Биласизми, ота-она учун энг катта бахт – боласининг камолини кўриш. Ўзингиз ҳам ота-она бўлганингизда яхшироқ тушунасиз. Мен сиздек фарзандларни тарбиялаганлари учун уларга таъзимдаман ва миннатдорман”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида карантинга олинган ҳамда Паралимпиада ўйинларида медаль қўлга кирита олмаган спортчиларга мурожаат қилди:

“Ғолиб бўлмасангиз ҳам ушбу мусобақада матонат билан қатнашганингиз учун раҳмат айтаман. Бугун бўлмаса, Парижда албатта бўлади! Шу ўринда, бу галги мусобақаларда омади келмаган ёшларимизга қарата айтмоқчиман: жаҳондаги энг кучли спортчилар беллашган Паралимпия ўйинларида қатнашиб, ўз салоҳиятингизни дунёга намоён этганингизни ўзи ҳам катта ифтихордир”.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир спортчи, хусусан, енгил атлетикачи қизлар- Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, Сафия Бурҳонова ҳамда рақибалари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжаной Наимовага алоҳида ташаккур билдирди.

Шунингдек, давлат раҳбари келгуси мусобақаларга стол тенниси, қиличбозлик, камондан отиш, велоспорт, от спорти, бадминтон сингари спорт турлари бўйича ҳам йўлланмалар учун курашиш кераклиги ҳақида айтиб ўтди.

Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси аъзолари 19 та медалга эга чиқди: 8 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза. Ушбу натижа эвазига мамлакат терма жамоаси 160 дан зиёд давлатлар ўртасида ўн олтинчи, Осиё қитъаси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида тўртинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 89
Рейтинг: 3.1
t
×