Париж россиялик спортчиларнинг Олимпиададаги иштироки ҳақида қарор чиқара олмайди
Олам
−
04 Февраль 2023
7503Франциянинг 2024 йилги Олимпия ўйинлари мезбони сифатидаги мақоми россиялик спортчиларнинг иштироки бўйича қарор қабул қилишга имкон бермайди. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Франция ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анн-Клэр Лежандр “RTVI” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз бўлажак Олимпия ўйинларига мезбон давлатмиз, аммо бу мақом бизга Россия спортчиларининг иштироки тўғрисида қарор қабул қилишга имкон бермайди. Бу қарор Халқаро Олимпия қўмитасида қабул қилиниши керак. Сиз ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитасида бўлаётган муҳокамалар ҳақида эшитгансиз ёки ҳеч бўлмаганда мунозаралар ҳақида эшитгансиз. Кўрамиз, қандай қарор қабул қилинади”, деган Франция ТИВ матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой охирида Халқаро Олимпия қўмитаси россиялик ва беларуслик спортчиларни Париж Олимпиадасида қатнашишини кўриб чиқишини маълум қилган эди. Украина спорт вазири эса бунга қаршилигини билдириб, агар улар ўйинларда қатнашса, Украина олимпиадага бойкот эълон қилишини айтган эди. Кейинчалик Польша, Литва, Латвия ва Эстония спорт вазирлари ҳам Халқаро Олимпия қўмитаси қарорига қаршилигини билдирган. Бироқ қўмита спортчиларни ўйинларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этиш орқали уларни жазолаш ниятида эмаслигини, ҳукуматларининг ҳаракатлари учун улар жавоб бермаслиги кераклигини айтган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси