Паралимпия ўйинларида Афғонистон байроғи бирдамлик белгиси сифатида кўтарилади
Спорт
−
23 Август 2021
11470Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида бирдамлик белгиси сифатида Афғонистон байроғи кўтарилади. Бу ҳақда Халқаро паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс маълум қилди.
“Жорий йилнинг 25 августидан 5 сентябрига қадар ўтказиладиган Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг очилиш маросимида Афғонистон байроғи бирдамлик рамзи сифатида кўтарилади. Чунки мамлакат спортчилари мусобақада қатнаша олмайди”, дейди Парсонс.
“Kiodo” нашрининг хабарига кўра, Афғонистон байроғини Паралимпиаданинг очилиш маросимида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги вакили олиб юради.
Аввалроқ, Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитасининг ижрочи директори Тоширо Муто Афғонистон терма жамоаси мамлакатдаги мураккаб вазият туфайли мусобақада қатнашмаслигини айтиб ўтганди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси