Париж қаҳрамонлари Ўзбекистонга қайтди

Спорт

9 сентябрь куни тарихда ўн еттинчи бор ўтказилган Паралимпиада қаҳрамонлари юртга қайтиб келди. Спортчиларнинг яқинлари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида катта тантаналар билан параатлетларни кутиб олишга шайланди.

Ниҳоят, Париж қаҳрамонлари қўлларида гул билан бирин-кетин аэропорт йўлагидан чиқиб кела бошлади. Делегация байроқдори Ҳусниддин Норбеков мамлакат байроғини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга топширди. Ўз навбатида, Арипов сўзга чиқиб, эришилган натижалар билан барчани табриклади. Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидоваларнинг ватан ҳақидаги қўшиқлари янграб бўлгач, параспортчилар оила аъзолари билан биргаликда икки қаватли автобусларга чиқиб, Тошкент шаҳрини кезиб, уларни кутиб олишга чиққан юзлаб юртдошларига салом йўллади. 

Параспортчилар жой олган автобуслар Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси биносига етиб келди. Бу ерда эса Париж Паралимпиадасида совриндор бўлган спортчилар Сенат раиси Танзила Норбоева ва Спорт вазири Адҳам Икромовнинг қўлидан Президент совғаларини қабул қилиб олди.

Паралимпиада ғолибларига 200 минг АҚШ доллари, икки қаватли коттеж ва Tahoe автомобили, 2-ўрин соҳибларига 100 минг АҚШ доллари, уй ва BYD, бронза медаль эгаларига эса 50 минг доллар, BYD ва уй калитлари топширилди.

Албатта, эришилган натижаларда параспортчиларнинг мураббийларининг ҳам меҳнати катта. Айниқса, пара енгил атлетика бўйича терма жамоа бош мураббийи Сардор Абдухолиқов QALAMPIR.UZ’га шогирдларининг бугунги натижалари юзага келишига йиллаб вақт кетганини ва медаллар замирида катта меҳнат ётганини билдирди.

Параспортчилар совғаларни қабул қилиб олди. Уларнинг автомобилларини йўл-патруль хизмати ходимлари то манзилларига қадар бошқариб борадиган бўлди. Бир неча кун ичида параспортчилар икки қаватли коттежларни ҳам қабул қилиб олади. Жасорат ва матонат соҳибларининг Париж эртаги ана шундай хотима топди. Буёғига олдиндаги тўрт йиллик учун ўзбек спорти тизимида Лос-Анжелес 2028 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари учун тайёргарликка старт берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Париж Спорт Паралимпиада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made