Панжикентдан Самарқандгача темирйўл қурилади
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
9138Тожикистон ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш мақсадида Панжикент ва Самарқанд шаҳарларини боғловчи темирйўл қурилади. Бу ҳақда Панжикент шаҳар ҳокимлигига таяниб "Asia-Plus" хабар берди.
Манбага кўра, шаҳар ҳокимлигида соҳа фахрийлари, мутахассислар ва бошқа масъул шахслар иштирокида ишчи маслаҳатлашув ўтказилиб, Панжикент-Самарқанд йўналишида темирйўл қурилишини бошлаш муҳокама қилинган.
“Темирйўл қуришдан мақсад Тожикистон ва Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришдир. Шу билан бирга Панжикент" (Тожикистон) – Булунғур – Жомбой" йўналишида поездлар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган”, дея маълумот берган нашр манбаси.
Унга кўра, ҳозирда икки томондан темирйўл қурилиши бўйича ишчи гуруҳлар тузилган, темирйўл лойиҳасини тайёрлаш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Қўшимча қилинишича, Панжикент-Самарқанд темирйўлининг қурилиши Совет Иттифоқи даврида ҳам режалаштирилган бўлиб, номаълум сабаблар туфайли қурилиш ишлари бошланмаган.
Айтиш жоиз, 2021 йилнинг июнь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон Транспорт вазирлари ўринбосарлари учрашиб, Панжикент-Самарқанд темирйўли лойиҳасини муҳокама қилган эди.
Эътиборлиси, Тожикистоннинг Панжикент шаҳри марказидан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳригача бўлган масофа қарийб 60 км бўлиб, уни транспорт воситасида 1 соатда босиб ўтиш мумкин.
LiveБарчаси