Пандемия вақтида америкаликларни қўллашга уринган биринчи хоним кулгига қолди
Олам
−
13 Апрель 2020
19641АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рафиқаси биринчи хоним Мелания Трамп яна бир бор ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳужумларига учради. Бу сафар биринчи хоним ёмон талаффузи сабаб фойдаланувчилар нафратига дучор бўлди.
Анъанага кўра, ҳар йили Оқ уй олдида Пасха муносабати билан Easter Egg Roll деб ном олган болалар тадбирлари ўтказилади. Дастлаб болалар қизиқарли уйинда иштирок этади, кейин биринчи хоним меҳмонларга китобдан парча ўқиб беради.
Бироқ бу йил барча режалаштирилган тадбирлар коронавируснинг Америкада авж олгани сабабли бекор қилинди.
“Айни вақтда бизнинг бош мақсадимиз АҚШ фуқаролариннг саломатлиги ва хавфсизлиги. Мен тадбирлар бекор бўлганидан афсусдаман, аммо ҳозир биз мураккаб қарорлар қабул қилишимиз керак”, деди Мелания Трамп.
Шунга қарамай, Дональд Трамнинг рафиқаси америкаликларни қўллаб-қувватлаш учун анъанавий китоб ўқишни онлайн форматга кўчирган. 12 апрель куни биринчи хоним Instagram`даги саҳифасида Никола Килленнинг “Кичик қуёнча” китобидан парча ўқиётгани акс этган видеони жойлаштирган.
Кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари видео жойлаштирилганидан ҳайрон бўлмаган. Муҳокамаларга Мелания Трампннг талаффузи сабаб бўлган. Кўпчилик унинг сўзларини тушунишга қийналган.
“Мен эртак мазмунини базўр тушундим, нега унинг талаффузи бундай?”, “Мелания АҚШга кеча келгандек ҳис пайдо бўляпти”, “У нима деётганини кимдир тушундими? Мен талаффуз сабаб ҳеч нима тушунмадим”, “У қандай тилда гапиряпти?”, каби нафратли изоҳлар қолдирилган.
Тўғри, биринчи хонимга америкаликлар ҳаётига яқинлашаётгани учун миннатдорлик билдирганлар ҳам топилган. Уларнинг баъзилари Меланияни Пасха билан табриклаган.
Маълумот учун, Мелания Трамп талаффузи сабаб биринчи марта муҳокама марказида қолаётгани йўқ. 2017 йилда америкалик журналист Челси Хэндлер Мелания инглиз тилида қийналиб гапиргани учун ундан интервью олишни истамаганди. Ўшанда америкаликлар Меланиянинг тарафини олиб, журналистга биринчи хоним бошқа мамлакатда туғилгани ва унинг инглиз тилиси ёмон эмаслигини эслатиб қўйганди.
LiveБарчаси