Пахта хомашёсини ўз маблағлари ҳисобидан етиштирганларга субсидия ажратилади

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда пахта хомашёсини ўз маблағлари ҳисобидан етиштирганларга белгиланган миқдорда субсидия ажратилади. Бу ҳақда 17 январь куни қабул қилинган "Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради. 

Фармонга мувофиқ, 2025 йил пахта ҳосилидан:

  • фьючерс шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида биржада эркин шаклланадиган, бироқ эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нархда тузилади; 
  • форвард шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 мартигача хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархларда тузилади;
  • спот шартномалари реал вақт режимида омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмига хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида ўзаро келишилган нархда тузилади;
  • сақлаш омборлари ёки ижара шартномалари мавжуд бўлмаган хўжаликлар ўзи етиштирадиган пахта хомашёси бўйича ҳар ҳосил йилининг 1 мартигача форвард ёки 1 июнигача фьючерс шартномалари расмийлаштиради;

Шунингдек, 2025 йил ҳосилидан пахта хомашёсини ўз маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, Биржада сотган хўжаликларга шаклланган ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, пахта хомашёсини етиштириш учун олинган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31 декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 4 фоизлик пунктини субсидия сифатида қайтариб бериш тартиби жорий этилади.

Фармонга кўра, 2025 йил пахта ҳосилидан:

  • Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси календарь йилининг 1 ноябрь кунида (2025 йил ҳосили учун 1 февралда) пахта толасининг Нью-Йорк биржасидаги фьючерс котировкаларининг охирги 6 ойдаги ўртача котировкасидан келиб чиққан ҳолда келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсининг бошланғич нархини (биринчи нав, иккинчи синф) аниқлаб, Биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилади;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар барча пахта хомашёси етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ҳамда пахта хомашёсини қайта ишлаш ва ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари ўртасида пахта хомашёси етказиб бериш бўйича олди-сотди (фьючерс, форвард ва спот) шартномалари Биржанинг пахта хомашёси секциясида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказиладиган савдоларда тузилади;
  • хўжаликлар ҳамда қайта ишловчилар ўртасида тузиладиган шартномалар томонларнинг эркин танлови асосида ўтказиладиган биржа савдолари орқали хўжаликлар томонидан етказиб бериш муддатларини ҳамда бир ёки бир нечта харидорни мустақил равишда танлаш орқали расмийлаштирилади;
  • Биржада барча шартномалар “Агроплатформа” ахборот тизими билан интеграция қилинган маълумотлар базасида мавжуд бўлган хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида тузилади.

Мақола муаллифи

Теглар

пахта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг