Озода Нурсаидова Сардоба фалокатида жабрланганларга уйлар ҳадя қилди

Жамият 18109
image

Ўзбекистонлик хонанда Озода Нурсаидова Сардоба фалокатида жабрланганлар учун 5 та уй ҳадя қилди. Бу ҳақда у ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Хонанданинг таъкидлашича, фалокат жабрланувчилари учун тадбиркор Акбар Анваров билан хайрия акцияси ташкил қилинган. Унга кўра, Сардобалик 5 нафар оилага Тошкент вилоятидан 5 та уй совға қилинган.

“Сардоба фалокати оқибатида аҳолининг кўп қисми талафот кўрди. Одамлар эвакуация қилинди, давлат раҳбари ўша ерга етиб борди. Бу ёқда бутун халқ жипслашиб, жабрланган аҳолига қўлидан келган ёрдамини берди, ҳалигача беряпти. Мана саховат карвонлари ташкил этилди, гўдакдан тортиб ёши катта фуқароларимизгача ёрдамини аямади. Ҳатто пенсионерларимиз пенсиясининг тийин тийинигача сардобаликларга хайрия қилди.

Биз ҳам мана шу хайрия аксияларидан таъсирланиб, тадбиркор, саховатпеша укам Акбар Анваров билан бирга ўзимиз аксия ташкил қилдик. Сардоба фалокатидан азият чеккан 5 та оилага Тошкент вилоятидан уй совға қиляпмиз. яъни 3 та уч хонали, иккита икки хонали уй“, дейди Нурсаидова.

Шунингдек, у ушбу мурожаатдан сабаб, ушбу уйларни жиҳозлар билан таъминлашда ёрдам сўраш эканини маълум қилди. Хонанда агар иложи бўлса санъаткор ҳамкасблари ёки обуначилари орасида савоб қилмоқчи бўлганларни ушбу ишга чорлаган.

“Уйларни ҳадя қилдик, лекин бироз камчилиги бор. Оилаларнинг уйларга келиб яшаши учун техника, жиҳозлар керак бўлади. Масалан, музлаткич, телевизор, гилам ва ҳоказо нарсалар. Агар уларга ёрдам бериш истагида савоб қилмоқчи бўлган кўнгиллилар бўлса, албатта хурсанд бўламиз”, дейди Озода Нурсаидова.

Мурожаат сўнгида Нурсаидова бу хайрия мажбурий эмаслигини, кимни қурби еца кўнгилли сифатида ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 731
Рейтинг: 3
t
×