Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилган шахс ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
02 Октябрь 2023
4392Эрон суди январь ойида Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум уюштирган жиноятчини ўлимга ҳукм қилди. Бу ҳақда Озарбайжоннинг “Report” ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур ҳукм Эрон фуқароси Ясин Ҳусейнзодага чиқарилган. Қатл қачон амалга оширилиши маълум эмас.
Маълумот учун, жорий йилнинг 27 январ куни Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум қилинган. Дипломатик миссия биносига икки киши кириб келган, улардан бири эшикни очган, шундан сўнг автомат кўтарган одам ичкарига югуриб кириб, ўқ отишни бошлаган. Оқибатда бир киши — дипломатик миссия хавфсизлик хизмати раҳбари Ўрхон Аскеров ҳалок бўлган. Икки элчихона қўриқчиси ҳам яраланган.
Ҳужум қилган шахс қўлга олинган. Суриштирув чоғида у бунга шахсий ва оилавий муаммолар сабаб бўлганини айтган. Метрополитан полицияси раҳбари Сардор Ҳусайн Раҳимийнинг айтишича, ҳужумчи икки ёш боласи билан элчихона биносига кирган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб атаган ва зудлик билан тергов қилинишини, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилганди. 29 январь куни эса мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинганди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов журналистларга элчихона дипломатик фаолиятини тўлиқ тўхтатганини, бироқ Табриздаги бош консуллик нормал фаолият юритишда давом этишини айтганди.