Озарбайжоннинг аламли дарди: Хўжали фожиасига 32 йил бўлди
Олам
−
26 Февраль
10321Бугун, 26 февраль куни Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятидаги Хўжали шаҳрининг тинч аҳолисига қарши содир этилган “Хўжали қирғини”га 32 йил тўлди. Шу муносабат билан ушбу фожиа қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
1992 йилги “Хўжали қирғини” ўзининг шафқатсизлиги ва қатл қилиш усуллари билан инсоният тарихидаги “қора саҳифалар”дан бири бўлиб қолмоқда.
1992 йил 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси Арманистон Қуролли кучлари собиқ Совет армиясининг 366-мотоўқчилар полкининг зирҳли техникаси ва шахсий таркиби кўмагида Хўжали шаҳрини эгаллаб олиб, тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз қирғинларни амалга оширган.
Ўша кечаси қамалда қолган Хўжалининг 2500 нафар аҳолиси Агдам шаҳри томон қочишга ҳаракат қилган. Бироқ, Арманистон Қуролли кучлари қуролсиз одамларни узоқдан отиб ташлайди: 613 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, шулардан 63 нафари болалар, 106 нафари аёллар ва 70 нафари қариялардир.
Саккизта оила бутунлай вайрон бўлди, 25 нафар бола тўлиқ етим қолди, 130 нафар бола ё отаси, ёки онасидан маҳрум бўлди. 487 киши, жумладан, 76 нафар бола жароҳатланди. 1275 киши асирга олинди. 150 киши, жумладан 68 аёл ва 26 бола тақдири ҳозирча номаълум.
Расмий маълумотларга кўра, Хўжали шаҳрининг Арманистон Қуролли кучлари томонидан ноқонуний босиб олиниши, давлат ва хусусий мулкнинг йўқ қилиниши ва талон-тарож қилиниши оқибатида Озарбайжон давлати ва фуқароларига 170 миллион доллар миқдорида зарар етган.
Ҳар йили 26 февраль куни Озарбайжоннинг элчихоналари ва диаспора ташкилотларида хотира маросимлари, анжуманлар ўтказилади.
Ушбу тадбирларда Хўжалида содир этилган ваҳшийлик ҳақида ҳикоя қилувчи фотостендлар, ҳужжатли фильмлар, китоблар намойиш этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг 2010 йил 22 апрелдаги қарорида Хўжалида содир бўлган воқеа уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятлар сифатида баҳоланган.
Бугунги кунга қадар 18 давлат парламенти ва АҚШнинг 24 штати парламенти Хўжали воқеаларини қоралаб, уларни геноцид деб тан олган резолюцияларни қабул қилган.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь