Озарбайжонни қўллаб-қувватлашда давом этамиз – Эрдўған
Олам
−
19 Февраль
3640Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ўртасидаги музокаралар якунлангач, икки давлат раҳбари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Анадолу" ахборот агентлиги хабар берди.
"Ҳурматли биродарим Илҳом Алиевни халқининг юксак илтифоти сабаб 5-марта Озарбайжон Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор табриклайман. Унинг сайловдаги ғалабасидан сўнг илк расмий хорижий ташрифини Туркияга қилганидан жуда хурсандман. Маълумки, 7 февралда бўлиб ўтган президентлик сайлови Озарбайжоннинг бутун суверен ҳудудида илк бор ўтказилгани билан тарихий аҳамиятга эга. Умид қиламанки, сайлов натижалари Туркия-Озарбайжон муносабатлари ва қардош Озар халқи учун фойдали бўлади", деган Эрдўған сўз олиб.
Шунингдек, Туркия раҳбари бундан кейин ҳам Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
"Афсуски, Озарбайжон сайлов жараёнида баъзи адолатсизликка дуч келди. Еврокенгаш парламент ассамблеяси томонидан Озарбайжон делегациясининг жорий йилда бўлиб ўтадиган йиғилишларда иштирок этишига тўсқинлик қилинишига кескин муносабатимизни билдирдик. Биз бундан буён ҳам ушбу парламент низо қўзғатадиган жой эмас, балки демократияни мустаҳкамлайдиган мулоқот майдони бўлиши кераклигини таъкидлаймиз. Қабул қилинган қарор бекор қилинмагунича, Озарбайжонни қўллаб-қувватлашда давом этамиз", деган Эрдўған.
Қайд этилишича, матбуот анжуманида сўзга чиққан Эрдўған, Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий фаолликнинг ўсишига эътибор қаратган.
“Ўтган йили Туркия билан Озарбайжон ўртасидаги савдо айланмаси илк бор 7,5 миллиард долларга етди. Ушбу кўрсаткични 15 миллиард долларга оширишга қарор қилдик”, деган у.
Агентликнинг маълум қилишича, айни пайтда икки давлат ўртасида 3 та келишув имзоланган. Жумладан:
- Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши ва Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим вазирлиги ўртасида Туркия-Озарбайжон университетини ташкил этиш бўйича англашув меморандуми;
- Туркия ва Озарбайжон республикалари ҳукуматлари ўртасида ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
- икки давлат ҳукуматлари ўртасида даромад солиғига нисбатан икки томонлама солиққа тортиш имтиёзлари бўйича келишувга эришилган.
Туркия Президенти матбуот анжуманида Озарбайжон ва Арманистон можаросига ҳам тўхталиб, "учинчи томонларни жараённи заҳарлаш ўрнига конструктив ҳисса қўшиш"га чақирган.
"Учрашувларимиз давомида Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорлик учун ташланган қадамларни ҳам муҳокама қилдик. Озарбайжон ва Арманистон ўртасида доимий тинчлик битимининг имзоланиши минтақамизда ва бутун дунёда тинчлик, осойишталик ва барқарорлик учун янги умид уйғотиши шубҳасиз. Бу жараёнда биз Озарбайжон билан елкама-елка ҳаракат қиламиз. Қорабоғдаги ишғол тугаши билан минтақамизда доимий тинчлик ўрнатиш учун тарихий имкониятлар ойнаси очилди. Бундан эса унумли фойдаланиш жуда муҳим. Айниқса, биз учинчи томонларни жараённи заҳарлашдан кўра, конструктив ҳисса қўшишга таклиф қиламиз. Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, сўнгги бир неча кун ичида икки давлат чегарасида содир бўлаётган ҳаракатлар бошқа такрорланмайди, деган умиддаман", дейди Эрдўған.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутатлари Озарбайжон делегацияси ваколатларини ратификация қилишдан бош тортганди. Бундай қарорга давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши, мухолиф сиёсатчилар ва мустақил оммавий ахборот воситалари таъқиб этилиши, Тоғли Қорабоғда расмийлар ҳаракатлари ва Бокунинг Европа кенгаши кузатувчиларини президентлик сайловларига таклиф қилишдан бош тортгани сабаб бўлгани айтилган.