Озарбайжонда таълим муассасалари коронавирус туфайли ёпилади
Олам
−
07 Март 2020
4713Озарбайжон Республикаси таълим муассасалари мамлакатда коронавирус тарқалиши хавфи туфайли 27 мартга қадар ёпилади. Бу ҳақда бугун, 7 март куни РИА Новости агентлиги хабар берди.
Аввалроқ, дарсларни 10 мартгача тўхтатишга қарор қилинган эди. Вазият ёмонлашгани боис Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу муддат узайтирилди.
"Озарбайжон ҳудудида COVID-19 коронавирусининг тарқалиш хавфининг олдини олиш учун шошилинч чоралар давом этмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, инфекциянинг олдини олиш ва тиббий-профилактика, дезинфекциялаш ва бошқа чора-тадбирлар мамлакатнинг барча таълим муассасаларида амалга оширилади. Шу сабаб, 27 мартга қадар дарслар тўхтатиб турилади”, деб таъкидлади Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штаб.
Республикада тўққиз кишига коронавирус ташхиси қўйилган. Вирусга чалинганлардан бири чет эл фуқароси ҳисобланади.
Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар 103 882 нафарни ташкил қилмоқда. Ушбу касалликдан 35 22 киши вафот этди. 58 464 бемор эса шифо топган. Беморларнинг 6 138 нафари ёки 15 фоизи оғир аҳволда, деб баҳоланмоқда.
LiveБарчаси