Сталин сақланган зиндон таъмирланмоқда
Олам
−
17:48 5841 2 дақиқа
Озарбайжоннинг Ленкоран шаҳридаги тарихий аҳамиятга эга меъморий объект – СССРни қарийб 30 йил бошқарган Иосиф Сталин сақланган Зиндон қалъасини тиклаш ишлари бошланди. Бу ҳақда “Oxu.az” хабар берди.
Маълумотларга кўра, қайта тиклаш ишлари Озарбайжон Маданият вазирлиги буюртмаси асосида, маданий меросни муҳофаза қилиш хизмати назоратида олиб борилмоқда.
Таъмирлаш бир неча йил аввал бинонинг том қисми қулаб тушгани ва оқибатда қалъа авария ҳолатига келиб қолгани сабабли бошланган.
Мазкур қалъанинг баландлиги 20 метр, диаметри 72 метр бўлиб, ундан турли даврларда турлича мақсадларда фойдаланилган. 1869–1959 йилларда у қамоқхона сифатида ишлатилган ва “Зиндон қалъаси” номини олган.
Тарихий маълумотларга кўра, ХХ аср бошларида бу ерда Иосиф Сталин ҳам сақланган. У 1903–1904 йилларда ҳукумат пулларини олиб кетаётган поездни талон-торож қилиш иши бўйича ҳибсга олинган ва кейинчалик сафдошлари ёрдамида қочиб кетган.
Қамоқхона аслида 140 кишига мўлжалланган бўлса-да, амалда 310 нафаргача маҳбус сақланган. Улар қалъага ерости йўли орқали олиб борилган, бироқ кейинчалик ерости сувлари сабаб, бу йўл яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бинодан 1970–1990 йилларда тикув фабрикаси сифатида ҳам фойдаланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Шимолий Рейн – Вестфалия еридаги Ҳамм шаҳрида жойлашган Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бункер мажбурий аукционга қўйилганди.
Live
Барчаси