Озарбайжон ва Арманистон чегарасида яна отишма бўлди
Олам
−
18 Ноябрь 2023
7377Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари позицияларидан ўқ узилиши оқибатида чегарада арманистонлик аскар яраланганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
“18 ноябрь куни соат 09:50 атрофида Паруйр Севак секторида жойлашган арман позицияси йўналиши бўйича Озарбайжон Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳарбий хизматчи М. жароҳат олди. Ҳозирда унинг ҳаётига нисбатан ҳеч қандай хавф йўқ. Ҳодисанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса арман томонининг чегарадаги Арманистон қуролли кучлари позицияларини ўққа тутгани ҳақидаги хабарини рад этди.
“Арманистон Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 18 ноябрь куни соат 09:50 да Озарбайжон армиясининг бўлинмалари гўёки Девелинский тумани йўналишида Арманистон Қуролли кучларининг позицияларига ўт очган. “Оқибатда ҳарбий хизматчи тан жароҳати олди” – бу мутлақо ёлғон. Биз қарама-қарши томоннинг провокацион хабарини қатъиян рад этамиз”, дейди расмий Баку.
Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг таъкидланишича, Арманистон Мудофаа вазирлиги ўз армиясидаги ўзбошимчаликни яшириш учун ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномасининг асосий тамойиллари бўйича келишиб олганини айтганди. Озарбайжон томони ҳам тинчлик шартномасини тузиш орқали Арманистон билан муносабатларни яхшилаш имкониятига ишонишини билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь