Озарбайжон Ўзбекистонга янги элчисини тайинлади

Жамият

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикасининг мамлакатдаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рашад Мамедовдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Қайд этилишича, учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп асрлик қардошлик ришталари, муштарак тарихий ҳамда маданий илдизларга асосланган муносабатлар, шунингдек, давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли мулоқот туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари изчил ривожланаётгани таъкидланган.

Томонлар сиёсий мулоқотнинг юқори суръатини сақлаб қолиш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилган.

Шунингдек, Рашад Мамедовнинг дипломатик тажрибаси Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликни янги амалий натижалар билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Покистон Ислом Республикасининг мамлакатдаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Мудассир Типунинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг