Озарбайжон ТИВ АҚШ Давлат департаментига жавоб берди
Олам
−
01 Сентябрь 2023
5750Кеча, 31 август куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер Вашингтоннинг Қорабоғдаги вазият юзасидан хавотирини билдириб баёнот берди. Орадан кўп ўтмай, шу куннинг ўзида Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги бунга муносабат билдирди.
“Биз Тоғли Қорабоғда озиқ-овқат, дори-дармон ва муносиб ҳаёт кечириш учун зарур бўлган бошқа товарларнинг тўсиб қўйилиши давом этаётгани, оқибатда инсонпарварлик шароитининг ёмонлашишидан чуқур хавотирдамиз. Қўшма Штатлар сўнгги бир неча ҳафта давомида Тоғли Қорабоғ аҳолисига гуманитар ёрдам етиб боришига имкон бериш учун томонлар билан тинимсиз ишлади. Биз яна бир бор Лочин йўлагини гуманитар, тижорат ва йўловчи ташиш учун қайтадан очишга чақирамиз. Бундан ташқари, Баку расмийлари ва Степанакерт вакиллари зудлик билан йиғилиб, Тоғли Қорабоғдаги эркаклар, аёллар ва болаларга муҳим озиқ-овқатларни ташиш воситалари, жумладан, қўшимча таъминот йўллари тўғрисида келишиб олишлари ва барча ҳал қилинмаган масалаларни муҳокама қилишни давом эттиришлари керак. Асосий гуманитар ёрдам ҳеч қачон сиёсий келишмовчиликлар гаровига қўйилмаслиги керак”, деган Миллер.
Миллернинг мазкур баёнотидан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода минтақадаги "блокада" ҳақидаги даъволарни қабул қилиб бўлмаслигини айтиб чиқди.
“Арман аҳолиси айрим вакилларининг Озарбайжон ҳудудида жойлаштирилган Россия тинчликпарвар контингенти орқали Озарбайжон Қизил Ярим Ой Жамиятининг Хонкендига ўтишини кутаётган юк машиналарини тўсиб қўйишга уринишлари ва йўлнинг тўсиб қўйилиши у ердаги “гуманитар вазият кескинлиги” ҳақидаги даъволар асоссиз эканлигини исботламоқда”, дейди Ҳожизода.
Шунингдек, у Озарбайжоннинг минтақадаги вазиятни нормаллаштириш йўлидаги ҳаракатлари АҚШга маълум эканини урғулаган.
Ҳожизодага кўра, Баку Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасида яшовчи арманларни реинтеграция масалалари бўйича музокаралар ўтказишга, Қорабоғ минтақасига турли йўналишларда инсонпарварлик юкларини етказиш, Озарбайжон махсус вакили ва маҳаллий арман аҳолиси вакиллари ўртасида учрашувлар ташкил этишга бир неча бор таклиф қилган, бироқ Арманистон ноқонуний ўрнатилган қўғирчоқ режими орқали бу йўналишда учрашувлар ташкил этиш бўйича келишувлардан ортга чекинган.
“Озарбайжон таклифларининг доимий равишда рад этилиши вазиятнинг умуман гуманитар эмас, балки сиёсий характерга эгалигини яна бир бор кўрсатади”, деган ТИВ вакили.
Маълумот учун, Лочин йўлаги Арманистонни Қорабоғ билан боғлайдиган ягона йўлдир. Жорий йилнинг 11 июль куни Озарбайжон Лочин чегара пункти фаолиятини тўхтатган. Бунга Халқаро Қизил Хоч қўмитасига қарашли автомашиналар орқали контрабанданинг такрорий олиб ўтилишига уринишлар сабаб қилиб кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 август куни АҚШ раислигида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Қорабоғ масаласидаги йиғилиши бўлиб ўтган, бироқ йиғилиш сўнгида ҳеч қандай резолюция ёки қўшма декларация қабул қилинмаганди.
LiveБарчаси