Озарбайжон Суриядаги элчихонасини қайта очади
Олам
−
30 Декабрь 2024
983Озарбайжон 12 йилдан сўнг Суриядаги элчихонасини қайта очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакат делегациясининг ТИВ ўринбосари Ялчин Рафиев бошчилигида Дамашққа ташрифи давомида маълум қилди.
“29 декабрь куни ўринбосар Ялчин Рафиев Дамашқда Суриянинг муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Ҳасан Аш-Шибаний билан учрашув ўтказди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро муносабатларда янги саҳифа очиш масалаларини муҳокама қилди. Кутилишича, Дамашқдаги Озарбайжон элчихонаси яқин вақт ичида ўз фаолиятини қайта тиклайди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, учрашувда Рафиев Озарбайжоннинг ҳудудларни қайта тиклаш бўйича тажрибаси Сурияни тиклаш жараёнида қўлланилиши мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, у гуманитар ёрдам ва халқаро майдонда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. ТИВ маълумотига кўра, озарбайжонлик дипломатлар Суриянинг янги босқичдаги барқарорликка ўтиши муносабати билан маҳаллий раҳбариятни табриклаган.
“Учрашув якунида Сурия Ташқи ишлар вазири Озарбайжонга ташриф буюриш таклифини қабул қилиб, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Озарбайжон 2012 йилнинг август ойида хавфсизлик вазиятининг ёмонлашуви туфайли Суриядаги элчихонасини вақтинчалик ёпган. Элчи ва бошқа ходимлар Дамашқни тарк этиб, вақтинча Ливанга кўчган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатар элчихонаси Дамашқда 2011 йилда Сурияда юзага келган можаро сабабли дипломатик миссияни тўхтатганидан сўнг 13 йилда қайта очилган эди.
LiveБарчаси