Озарбайжон Россия фуқароларининг мамлакатда бўлиш муддатини қисқартирди
Олам
−
30 Декабрь 2024
3840Озарбайжон ҳукумати Россия фуқаролари учун мамлакат ҳудудида вақтинча бўлиш муддатини йилига 90 кунга қисқартирди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу қарорни мамлакат Бош вазири Али Асадов имзолаган.
“Россия Федерацияси фуқаролари ва ушбу мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Озарбайжон Республикасида визасиз тартибда бўлиш муддати бир календарь йил ичида 90 кундан ошмаслиги керак”, дейилади ҳужжатда.
Мазкур ўзгаришлар 2025 йилнинг 1 январидан кучга киради. Россия ТИВга кўра, Озарбайжоннинг бу қарори мамлакатнинг ўз ҳуқуқи ҳисобланади.
Маълумот учун, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили бир неча кун олдин баёнот бериб, қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга биноан 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб, Россия ҳудудида хорижий фуқароларнинг вақтинчалик қолиш муддати бир календарь йил давомида атиги 90 кунни ташкил этишини маълум қилган. У шунингдек, хорижий фуқаролар Россия давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 7 иш куни ичида турар жойи бўйича рўйхатдан ўтиши кераклигини таъкидлаган. Амалдаги қоидаларга мувофиқ, бу муддат 180 кун ичида 90 кунни ва бир йилда 180 кунни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон ҳукумати “яқин орада” Россия фуқаролари учун мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини ўзгартириши хабар қилинганди. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига амал қилиши билан изоҳлаганди.
LiveБарчаси