Озарбайжон-Арманистон чегарасида ЕИ кузатувчилари ўққа тутилди
Олам
−
15 Август 2023
4121Бугун, 15 август куни Ереван Озарбайжон ҳарбийларини минтақада патруллик қилаётган Европа Иттифоқи кузатувчилари ва уларнинг машинасига қарата ўқ узганликда айблади. Бу ҳақда Арманистон Мудофаа вазирлиги баёнот берди.
"15 август, тахминан 12:20 Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари Юқори-Шўржа қишлоғида патруллик қилаётган Европа Иттифоқи кузатувчилари ва уларнинг машинасига қарата ўқ узди. Қурбонлар йўқ", дейилади хабарда.
Бироқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистоннинг бу даъволарини дезинформация деб атади.
“Арманистон ахборот ресурсларида 15 август куни соат 12:20 атрофида Басаркечар вилояти, Юқори Шўржа аҳоли пункти ҳудудида Озарбайжон армияси бўлинмалари гўёки Европа Иттифоқи кузатувчилари ва уларнинг машинасига қарата ўт очгани ҳақидаги хабар тарқалди. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди ва душманнинг навбатдаги дезинформациясидир”, дейилади расмий Баку баёнотида.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбайжон томонига Европа Иттифоқи кузатувчилари икки давлатнинг шартли чегарасигача бўлган вақтлари, уларнинг ҳаракатланиш йўналиши, ҳудуддаги координаталари, шунингдек, машиналарининг рақамлари, маркаси ва лицензияси ҳақида олдиндан маълумотлар тақдим этилган.
"Озарбайжон армияси бўлинмалари миссия сафарлари ҳақида хабардор қилинади. Шунинг учун Арманистон Мудофаа вазирлиги даъво қилаётган бундай ҳодиса назарий ва амалий нуқтаи назардан имконсиз", дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг фуқаролик миссияси Озарбайжон билан чегарадаги Юқори-Шўржа қишлоғи яқинида содир бўлган қуролли ҳодиса фактини тасдиқлаб, тегишли баёнотни Х (Twitter) ижтимоий тармоғида эълон қилди.
“Бизнинг масъулият зонамизда отишма пайтида Европа Иттифоқи миссияси патрули бўлганлигини тасдиқлаймиз. Миссия аъзоларидан ҳеч ким жабрланмади", дейилади матнда.
Бироқ Европа Иттифоқининг фуқаролик миссияси қайси томондан ўт очилганини кўрсатмаган.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойи охирида ЕИ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари Арманистонда икки йиллик фуқаролик миссияси ташкил этилишини маъқуллаган. Унинг вазифалари – мамлакатнинг чегарадош ҳудудларига ишончни ошириш ва Арманистон-Озарбайжон муносабатларини нормаллаштириш учун шароит яратиш. Миссия 100 га яқин кишидан, жумладан 50 га яқин қуролсиз кузатувчилардан иборат.
LiveБарчаси