Озарбайжон-Арманистон чегарасида яна отишма. Бир чегарачи жароҳатланди
Олам
−
20 Март 2023
3463Арманистон ҳудудидан республика чегара қўшинлари позицияларини ўққа тутиши оқибатида Озарбайжон Давлат чегара хизмати ҳарбий хизматчиси жароҳат олди. Бу ҳақда бугун, 20 март куни Давлат чегара хизмати матбуот хизмати хабар берди.
“20 март соат 02:50 да Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Зангилон вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмида, Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Кофан вилоятининг Неркин-Анд аҳоли пункти йўналишида жойлашган позициялардан Озарбайжон Давлат чегара хизмати чегара қўшинларининг Агбашюрд баландлигида жойлашган позицияларини ўққа тутди. Оқибатда Давлат чегара хизмати ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Рамин Манафов жароҳат олди”, дейилади хабарда.
Бошқарма маълумотларига кўра, ҳарбий хизматчи операция қилинган, унинг ҳаёти хавф остида эмас.
“Ҳозирда оператив вазият барқарор ва Озарбайжон Давлат чегара хизматининг тўлиқ назорати остида”, дейилади хабарда.
Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Озарбайжоннинг Арманистон-Озарбайжон чегарасини ўққа тутгани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб чиқди.
“Озарбайжон Давлат чегара хизмати томонидан 20 март куни соат 02:50 да Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Арманистон-Озарбайжон чегарасининг жануби-шарқий қисмида жойлашган Озарбайжон позициялари йўналишида гўёки ўт очгани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь