Озарбайжон чегарачилари Арманистон билан чегарадаги 4 қишлоқни назорат остига олди
Олам
−
25 Май
5229Озарбайжон чегара хизмати 1990 йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқ ҳудуди устидан назорат ўрнатди. Бу ҳақда кеча, 24 май куни Арманистон билан чегарани делимитация қилиш бўйича комиссияга раҳбарлик қилаётган Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоевнинг матбуот хизмати хабар берди.
Озарбайжон чегарачилари Баганис-Айрум, Ашаги-Аскипара, Хейримли ва Қизилгажили қишлоқларини назорат остига олди.
Ўз навбатида, Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати 24 майдан бошлаб арман чегарачилари Тавуш вилоятидаги учта чегара қишлоқлари – Беркабер, Воскепар ва Баганис ҳудудларини қўриқлашни бошлаши ҳақида хабар берди.
Қўриқланадиган ҳудуднинг узунлиги деярли 7 километрни ташкил қилади.
“Давлат чегарасининг Киранц қишлоғи яқинидаги 5,8 километрлик участкасини қўриқлаш 2024 йилнинг 24 июлига қадар ўтиш схемаси бўйича амалга оширилади”, дея қўшимча қилди Миллий хавфсизлик хизмати.
Шу тариқа Арманистон ва Озарбайжон шимолий чегарадан қўшинларини олиб чиқиб, ҳудудлар устидан назоратни чегара хизматларига топширди.
Қайд этиш жоизки, май ойи бошидан бери Арманистонда Озарбайжонга ҳудудий ён беришларга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. 13 май куни “Тавуш Ватан учун” норозилик ҳаракати раҳбари архиепископ Баграт Галстанян минглаб тарафдорларини норозилик фаоллигини кучайтиришга чақирди. Аввалроқ у Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга истеъфога чиқиш учун ультиматум қўйганди. Намойишлар пайтида аллақачон юзлаб намойишчилар ҳибсга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Баку чегаранинг алоҳида участкаси бўйича демаркация қилиш, жумладан, Тавуш вилояти ва Озарбайжоннинг шимоли-ғарбий Ғазах вилояти ўртасидаги тўртта қишлоқнинг ҳудудий мансублиги ҳақида аввал келишиб олганини маълум қилганди. Делимитация аслида Озарбайжон ССР таркибига кирган ва 1990 йиллардан бери Арманистон назоратида бўлган тўртта қишлоқнинг Озарбайжон тасарруфига ўтказилишини англатади. Томонлар яқин вақт ичида келишилган ҳудудлардан қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва у ерда чегара хизматларини жойлаштиришга келишиб олганди.