Озарбайжон арман томонининг бузғунчи ҳаракатларига қарамай тинчлик дастурини илгари сурди

Олам 1787
image

Озарбайжон арман томонининг бузғунчи ҳаракатларига қарамай, тинчлик дастурини илгари суришга қарор қилди. Бу ҳақда кеча, 20 сентябрь куни Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасида Демократия ва иқтисодий тараққиёт ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 39-йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди. 

Кенгаш йиғилишида Грузия Ташқи ишлар вазири Илья Дарчиашвили, Молдова Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Нику Попеску ва Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба иштирок этган. 

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўз нутқида можародан кейинги даврда Арманистон билан ўтган тўқнашув оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берган. Байрамов йиғилганларни минтақадаги тикланиш ва қайта қуриш чора-тадбирлари, ички кўчирилганларни қайтариш, минтақада яшовчи арман миллатига мансуб аҳолининг интеграциялашуви бўйича амалга оширилаётган айрим лойиҳалар, шунингдек, минтақадаги миналар хавфи ҳақида гапирган. 

Дипломат, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари ўртасида эришилган уч томонлама баёнот ва келишувлар доирасида алоқа ва транспорт линияларини очиш бўйича ишлар олиб борилаётганини, Озарбайжон эса тинчлик келишуви бўйича таклифни илгари сурганини таъкидлаган. 

Аммо шунга қарамай, Байрамовнинг сўзларига кўра, Арманистон жараёнга тўсқинлик қилган ва кечиктириш тактикасига ўтган, уч томонлама баёнотлар бўйича ўз мажбуриятларини жиддий равишда бузган ва сўнгги ойларда йўқотишларга олиб келган йирик ҳарбий провокацияларга йўл қўйган.

Байрамов иштирокчиларга Арманистон томонининг бузғунчи фаолиятига қарамай, Баку тинчлик дастурини илгари суришга қарор қилгани ва бу йўналишдаги музокараларни давом эттираётганини маълум қилган. 

Вазир, шунингдек, Украинадаги вазиятдан жиддий хавотир билдириб, муаммони халқаро ҳуқуқ асосида, айниқса, давлатларнинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида, ҳудудий яхлитлик ва суверенитет тамойилларига мувофиқ, дипломатия йўли билан ҳал этиш муҳимлигини қайд этган. 

Ташқи ишлар вазирининг айтишича, Озарбайжон Украинага биринчилардан бўлиб гуманитар ёрдам кўрсатган ва шу пайтгача Украинага 15 миллион евролик ёрдам юборилган. Ўз сўзи якунида вазир Украинани 2023 йилда Демократия ва иқтисодий тараққиёт ташкилотига раисликни қабул қилгани билан табриклаган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3.3
t
×