Озарбайжон АҚШни арман геноциди бўйича тарихий хатога йўл қўймасликка чақирди
Олам
−
24 Апрель 2021
4203Расмий Баку Америка Қўшма Штатлари тарихий хатога йўл қўймаслиги ва “уйдирма” деб аталмиш арман геноцидини тан олиш чораларини кўрмаслигига умид қилмоқда. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Ҳожиев сўз очди.
Ҳожиевнинг сўзларига кўра, Баку ҳар доим 1915 йил воқеалари тўғрисида арманларнинг тахмин қилинган ва ёлғон баёнотларини тарғиб қилишга уринишларга қарши бўлган.
“Арман геноцидини тан олиш тарихни сохталаштиришдир. Тарихни тарихчилар ўрганишлари керак. Агар бу содир бўлса, унда Озарбайжон буни қатъиян қоралайди”, дейди Озарбайжон давлати раҳбарининг маслаҳатчиси.
Президент Илҳом Алиев бир неча бор Туркияга қарши қилинган қадам Озарбайжонга қарши қадам, Озарбайжонга қарши ҳар қандай қадам Туркияга қарши қадам эканини таъкидлади, дея эслади Ҳажиев.
Шунингдек, у АҚШ маъмурияти тарихий хатога йўл қўймаслигига умид қилишини таъкидлади.
Айбловлар атрофидаги вазият
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден XX аср бошларида Усмонли империясида арманларнинг қирғин қилинишини расман тан олмоқчи экани ҳақида хабар берилган эди.
Ундан сўнг, Арманистон Президенти Армен Саркисян Байденни янги геноцидларнинг олдини олишга содиқлигини тасдиқлашга чақириб, унга мактуб йўллаганди.
Туркия Президенти Эрдўған эса Туркия арман геноциди тўғрисида ёлғон гапираётганлардан ҳақиқатни ҳимоя қилишини айтди.
Маълумот ўрнида, 2019 йил 12 декабрда АҚШ Конгресси Сенати арман геноцидини расман тан олиш ва хотирлаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилган. Усмонли империясида арманларни қирғин қилиш фактини 23 та давлат тан олган. Туркия анъанавий равишда тегишли айбловларни рад этиб келади.
1915 йил 24 апрель куни арман геноцидининг бошланиш санаси ҳамда шу куни Истанбулдаги арман элитаси вакиллари қўлга олингани ва ўлдирилгани таъкидланади. Кейинги ойларда эса бу қирғин Ғарбий Арманистонда давом этиб, 1915 йилнинг июнь ойида якунлангани қайд этилган. Тарихий маълумотларга кўра, 1915-1923 йилларда 1,5 млн арман ўлдирилган.
LiveБарчаси