Озарбайжон ҳам Украинани тиклаш учун пул ажратади
Олам
−
22 Июнь 2023
4612Озарбайжон Украинани тиклаш учун 10 миллион доллар ажратмоқчи. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов Украинани тиклаш бўйича Лондон конференциясида маълум қилди.
Байрамовнинг айтишича, Баку Киевга электр жиҳозларини ҳам етказиб беради ва жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган Ирпин шаҳридаги объектлар қурилишида иштирок этади.
“Озарбайжон Украинани қайта тиклаш ва реконструкция қилиш саъй-ҳаракатларига, хусусан, Киев вилоятининг Ирпин шаҳрига электр жиҳозларини юбориш ва реконструкция лойиҳаларини амалга ошириш орқали ҳисса қўшади”, дея тушунтирган ТИВ раҳбари.
Шунингдек, у ҳудудларни миналардан тозалаш учун ускуналар ҳам Киевга топширилишини маълум қилган.
Бундан ташқари, вазир Озарбайжондан Украинага молиявий ёрдам ажратиш бир неча траншларга бўлиниши, Киевга эса пул ўтказиш муддати кўрсатилмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июнь куни Молдова пойтахти Кишинёвда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Музокаралардан сўнг Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида Киев мамлакатни қайта тиклашда Озарбайжоннинг ёрдамига умид қилиши ва урушдан кейинги даврда Бакунинг Украинадаги инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишига ишонишини ёзганди.
LiveБарчаси