Зеленский Алиев билан учрашди

Олам

image

Кеча, 1 июнь куни Молдова пойтахти Кишинёвда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президентининг расмий сайти хабар берди.

Учрашувда Озарбайжон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатлар юзасидан фикр алмашилган. Президент Илҳом Алиевнинг 2022 йил январь ойида Украинага ташрифи ва унинг давомида олиб борилган муҳокамалар қайд этилган. Озарбайжон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ривожланиб бораётганидан мамнунлик билдирилди.

Президент Илҳом Алиевнинг айтишича, Озарбайжон Республикасининг Украинадаги янги элчиси тайинланган, у тез орада иш бошлайди.

Президент Владимир Зеленский Озарбайжоннинг Украинага кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами, украиналик болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва уларнинг Озарбайжонга саёҳатларини ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ва буни юксак қадрлади.

Суҳбат чоғида Озарбайжон ва Украина халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаши мамнуният билан таъкидланди.

Учрашув ҳақидаги фикрларини Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. Унинг қайд этишича, Украина Озарбайжоннинг Киев вилоятидаги инфратузилма объектларини тиклашдаги иштирокини юқори баҳолайди.

“Мамлакатимизни қайта тиклашда ёрдамга умид қиламиз. Урушдан кейинги даврда Озарбайжоннинг Украинадаги инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишига ишонамиз”, деди Зеленский.

Унинг қўшимча қилишича, мамлакат Озарбайжондан Украина тинчлик формуласи асосида барқарор ва адолатли тинчликка эришиш бўйича Украина ташаббусларини қўллаб-қувватлашда иштирок этишини кутмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Россия Украинага бостириб кирганидан буён Алиев ва Зеленский илк бор учрашди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 май куни Кремлда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги уч томонлама музокаралар бўлиб ўтганди. Ундан олдидан Путин ва Алиев ўртасида узоқ давом этган икки томонлама учрашув ташкил қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг