Озар-арман чегарасида вазият жиддий: Ереван Россия, КХШТ ва БМТдан ёрдам сўради
Олам
−
13 Сентябрь 2022
8675Арманистон ҳукумати Озарбайжон билан чегарадаги қуролли можаронинг кескинлашуви муносабати билан Россия, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
“Озарбайжоннинг мамлакат суверен ҳудудига бостириб кириши муносабати билан ҳукумат аллақачон Россия, КХШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилган”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Арманистон ҳукумати хабарига кўра, “Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги шартнома қоидаларини амалга ошириш мақсадида Россия Федерациясига расмий мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Арманистон ва Озарбайжон чегарасида жанглар 13 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:05 да бошланди. Баку Ереванни провокацияларда айблади ва шунинг ортидан тўқнашув юз берганини маълум қилди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги арман ҳарбийлари кенг кўламли провокация уюштиришга урингани ҳақида маълумот берди. Бакунинг қайд этишича, 12 сентябрга ўтар кечаси “Арманистон Қуролли Кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларида кенг кўламли провокация содир этган...”.
“Арманистон Қуролли Кучларининг қўпорувчилик гуруҳлари қоронғуда тоғли ерлар ва мавжуд даралардан фойдаланган ҳолда турли йўналишларда Озарбайжон армияси бўлинмалари позициялари ва таъминот йўллари орасидаги ҳудудларни миналаш ишларини амалга оширди”, дейилади хабарда.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь