Мақсад КХШТга жалб қилишми? Россия Афғонистонга қўшни иттифоқчиларига арзон нархда қурол сотмоқчи

Олам

image

Россия Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларга Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун имтиёзли нархларда қурол ва техника етказиб беришга тайёр. Бу ҳақда РФ Бош вазири ўринбосари Юрий Борисов “Армия-2021” форумида маълум қилди.

“Биз жанубий чегараларимизни мустаҳкамлаш учун барча чорани кўрамиз. Жумладан сиз айтганларини ҳам”, деган у журналистнинг тегишли саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев КХШТнинг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этди.

Навбатдан ташқари сессиядан кейин КХШТ бош котиби Станислав Зась Ўзбекистон ташкилотга қайтадими, деган саволга жавоб берди.

"Ўзбекистон Президентининг барчамиз учун жуда муҳим мавзудаги сессияда иштирок этганини мамнуният билан қарши оламиз. Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрмиз. Бундай ҳамкорлик амалга ошириляпти. Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари биргаликдаги машғулотда қатнашяпти. Аммо мамлакатнинг ташкилотимизга қайтишига келсак, бу аввало ўзбек халқи ва мамлакат раҳбариятининг хоҳишига боғлиқ", деган Васильевич

КХШТ қандай ташкилот?

КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган

Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган.

Маълумот учун, 2020 йилда Россия қурол экспортидан 15,6 млрд доллар фойда кўрган. Пандемияли йилда давлат мудофаа буюртмасининг 99,5 фоизи бажарилган.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

КХШТ

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг