ОТМларда онлайн таълимга ўтилгани учун контракт миқдори камайтириладими?

Жамият 4012
image

Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келиши сабабли ўрнатилган карантин сабаб олий таълим муассасаларида дарслар онлайн шаклда давом этадиган бўлди. Натижада кўпларда онлайн таълим шаклига ўтилиши муносабати билан март-апрель ойлари учун контракт суммалари миқдори қайта кўриб чиқиладими, у камайтириладими, деган саволлар пайдо бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев ушбу саволга жавоб берди.

“Бугунги карантин кунларида олий таълим муассасалари ходим ва профессор-ўқитувчиларига ҳам ўз вақтида ойлик маошлари, таътил пуллари ва талабаларга стипендиялар мос равишда Давлат бюджети ва олий таълим муассасаларининг контракт маблағлари ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, олий таълим муассасалари талабалари учун масофавий таълим бериш жорий этилди. Шу билан бирга, 16 мартдан ОТМ томонидан масофавий таълимнинг моддий базаси ва дастурий платформаси, ўқув машғулотларининг электрон ресурслари яратилмоқда. 

Масофавий таълим бевосита ўқув жараёни графигини баҳорги семестрининг икки ойи бўйича киритиляпти. Яъни баҳорги семестрда кўзда тутилган ўқув дастурлари тўлиқ ўқитилади ва ўқув йилини ўрнатилган тартибда якунлаш учун барча шароит яратилади (ўқув дастурлари қисқармайди). Истисно тариқасида шу давр ўтказилиши лозим бўлган лаборатория дарслари ўқишнинг кейинги семестрида ўтиб берилади.

Кўриниб турибдики, жорий ўқув йили учун белгиланган контракт шартлари икки томонлама тўлиқ бажарилиши лозим. Контракт асосида ўқитиш қийматининг асосий қисмини ташкил этувчи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар харажатлари ўзгармаган, шунингдек, базавий контракт қиймати ижтимоий ҳимояланган миқдорда белгиланганини эслатиб ўтамиз”, деди Фарҳод Бабашев.

Аввалроқ, Ўзбекистон мактабларида 2019-2020 ўқув йили "Онлайн мактаб" тизими орқали масофадан якунланиши ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача вирус юқтирганлар 1692 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 372 нафари даволанган ва  6 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 92
Рейтинг: 3
t
×