ОТМларда коррупцияга қарши курашиш бўлимлари ташкил этилади
Жамият
−
20 Май 2021
4377Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг “Олий таълим муассасалари бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг намунавий штатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Киритилган ўзгартиришларга асосан намунавий штатларнинг 2 ва 3-позициялари қуйидаги лавозимлар билан тақдим этилган:
• ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) (илгари - ўқув ва тарбиявий ишлар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари);
• ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) (илгари - ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари).
Юқорида кўрсатилган лавозимлар мамлакатнинг барча ОТМ намунавий штатларига киритилади.
Лавозим - ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) намунавий штатлардан чиқариб ташланади.
Мониторинг ва ички назорат бўлими (талабалар сони 1500 кишигача бўлган ОТМда - мониторинг ва ички назорат сектори) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, назорат ва мониторинг бўлими (талабалар сони 1500 кишигача бўлган ОТМда - жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, назорат ва мониторинг сектори) этиб қайта номланди. Бўлим (сектор) қуйидаги лавозимлар билан тақдим этилган: бўлим бошлиғи (сектор мудири), бош мутахассис, инспектор.
Янги бўлим - коррупцияга қарши курашиш "комплаенс-назорат" тизимини бошқариш бўлими киритилади. Мазкур бўлим бўлим бошлиғи ва бош мутахассис билан тақдим этилган. Бўлим бошлиғи лавозими талабалар сони 1 500 кишигача бўлган ОТМда назарда тутилмаган.
Бошқа ўзгартиришлар ва қўшимчалар ҳам киритилган.
Маълумот учун, намунавий штатлар олий таълим муасссасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар ҳисобидан жорий этилади.
LiveБарчаси