ОТМларда анъанавий таълим бошлангач, қанча талаба Тошкентга келгани очиқланди

Жамият

image

Кеча, 7 февраль кундан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида анъанавий таълим бошланди. Шу муносабат билан 36 мингдан ортиқ талаба Тошкент шаҳрига келди. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган талабаларнинг жойлашиши Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тўлиқ назоратга олинган.

Вазирликка кўра, ҳудудлардан Тошкент шаҳрига етиб келган 36 738 нафар талабанинг 10 032 нафари ОТМлардаги талабалар турар жойларига, 18 204 нафари ижара хонадонларига, 8 502 нафари яқин қариндошлариникига жойлашган.

Талабаларга қулайлик яратиш, доимий яшаш ҳудудидан таълим муассасаларига исталган вақтда етиб келишларини мувофиқлаштириш мақсадида олий таълим муассасалари талабалар турар жойларида жадвал асосида тьюторлар жамоасидан иборат 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган.

“Бундан ташқари, талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш сектори томонидан ижара уй топишга қийналаётган талабалар муаммоларини бартараф қилиш учун маҳалла раислари ва ИИБ профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба

Баҳолаганлар

345

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг