ОТМ йўлида имтиёз ва стипендия... Президент спорт таълими бўйича таклифлар билан танишди

Жамият 4185
image

Бугун, 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент ҳар доим соғлом турмуш тарзи, ёшлар бандлиги, олимпия ва паралимпия ҳаракати масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келади. Шу йил 23 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида спорт таълимини ривожлантириш, соҳага илмий ёндашувларни татбиқ этиш вазифаси қўйилган эди.

Тақдимотда шу борада тайёрланган режа-таклифлар кўриб чиқилди. Улар учта муҳим йўналишни қамраб олган: биринчиси – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида таълим сифатини ошириш, иккинчиси – спорт таълими муассасаларида бошқарувни такомиллаштириш, учинчиси – соҳада илмий тадқиқотлар тизимини яхшилаш.

Қайд этилишича, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб таълим дастурлари етакчи хорижий университетларнинг дастурига кўра шакллантирилади. Барча бакалавриат ва магистратура йўналишларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилади, ўқитувчилар ва битирувчиларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенциявий сертификатлаш йўлга қўйилади.

Бугунги кунда долзарб бўлмаган 5 та бакалавриат йўналиши тугатилиб, 2 та магистратура мутахассислиги ташкил этилади. Ўқув ва машғулотлар жараёнига федерацияларнинг тажрибали мутахассислари ҳамда хорижий экспертлар жалб қилинади.

Спорт соҳасида фахрий унвон ва тоифа даражасига эга бўлган, нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган абитуриентлар касбий имтиҳонларни топширишдан озод қилинади. Талабаларни рағбатлантириш учун Паҳлавон Маҳмуд номидаги давлат стипендияси жорий этилади. Иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер мақоми берилади.

Таълим ва илм боғлиқлигини мустаҳкамлаш учун ягона кузатув кенгаши тузиш режалаштирилган. Бу кенгаш спорт муассасаларининг бошқарув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий фаолиятини самарали ташкил қилишга бош-қош бўлади. 

Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт университетининг илмий салоҳиятини 45 фоизгача чиқариш, профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти натижадорлигини ошириш, янги ишланма ва технологияларни жорий этиб, халқаро рейтингларга кириш мақсадлари белгиланмоқда.

Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлари институтига спорт биомеханикаси, физиологияси, фармакологияси ва генетикаси бўйича тадқиқотлар олиб бориш, илмий-инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш каби янги вазифалар юклатилмоқда.

Илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва натижадорлигини ошириш, ёш кадрларни хорижий ўқув юртларига фалсафа доктори (PhD) даражасини ҳимоя қилиш учун юбориш ҳам назарда тутилган.

Маълумки, пойтахтнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Осиё ўйинлари ўтганидан сўнг, бу мажмуага Спортни ривожлантириш вазирлиги, спорт федерациялари ҳамда 2025 йилда фаолият бошлайдиган Ўзбекистон давлат спорт академияси жойлаштирилиши мўлжалланган.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, қўшимча кўрсатмалар берди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 78
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×