ОТБ Ўзбекистонга 100 млн доллар қарз беришни маъқуллади

Жамият

image

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес учун шароитларни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида мамлакатга 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади.  

“Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришда давом этмоқда, кичик ва ўрта корхоналар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишга салмоқли ҳисса қўшмоқда”, деган ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесни кўп йиллик қўллаб-қувватлашига асосланади ва ушбу корхоналар учун қулай муҳитни яхшилашга ёрдам беради. 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан кўпини ташкил қилади ҳамда расмий ва норасмий иш ўринларининг учдан икки қисмини таъминлайди. ОТБнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастури иккита кичик дастурдан иборат. 

Биринчи кичик дастур доирасида ислоҳотлар кредит чекловларини бошдан кечираётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини кенгайтириш учун мавжуд молиявий воситаларни диверсификация қилишни ва улар олиши керак бўлган рухсатномалар ва лицензиялар сонини қисқартиришни ўз ичига олади. Ушбу ва бошқа ислоҳотлар, масалан, савдо харажатларини камайтириш ва рақамлаштиришни ошириш 13,5 мингга яқин иш ўрни яратишга ёрдам бериши кутилмоқда. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлганидан бери банк мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратган.


Мақола муаллифи

Теглар

кредит ОТБ

Баҳолаганлар

107

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг